10:20 / 16.08.2020
1 397

Россия вакцинаси учун 20 та давлатдан 1 миллиард доза буюртма олинган

Россия вакцинаси учун 20 та давлатдан 1 миллиард доза буюртма олинган
Фото: RDIF / HANDOUT
Россия «дунёдаги илк вакцина» сифатида рўйхатдан ўтказилган коронавирус вакцинасини ишлаб чиқаришни бошлади. Н.Гамалея номидаги эпидемиология ва микробиология маркази вакцинанинг биринчи партиясини ишлаб чиқариб бўлди. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Ишчи номи «Гам-КОВИД-Вак», бозор номи эса «Спутник-V» бўлган вакцина мушаклар орқали юборишга мўлжалланган. У иккита 0,5 мл ҳажмли ампуладан иборат бўлади. Бу ҳақда РБК ёзган.

11 август куни Россия президенти Владимир Путин мамлакат дунёда биринчи бўлиб коронавирус вакцинасини рўйхатдан ўтказгани ва унинг қизларидан бири ҳам синов эмлашида қатнашганини маълум қилганди. Путин қизи иккита эмлашдан кейин иситмаси 37 ва 38 даражага кўтарилгани, кейин у ўзини яхши ҳис қилганини айтганди.

Россия соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко вакцинани ишлаб чиқариш билан Гамалея номидаги марказ шуғулланишини айтганди. Шунингдек, «Биннофарм» компанияси ҳам вакцина ишлаб чиқаришда қатнашади. Кейинчалик мамлакатдаги бошқа фармацевтика компаниялари ҳам вакцина ишлаб чиқаришга жалб қилинади.

Маълумот учун, Россия 20 та мамлакатдан 1 миллиард доза буюртма олган. Россияда эмлаш биринчи бўлиб тиббиёт ходимлари ва ўқитувчиларда амалга оширилади. Владимир Путин вакцина етарлича синовлардан ўтгани ва у ишончли эканини айтганди.

АҚШ бош инфекционисти Энтони Фаучи Россия ишлаб чиқарган вакцинага ишончсизлик билдириб, вакцина ишлаб чиқариш ва унинг хавфсизлигини исботлаш бошқа-бошқа нарса эканини айтганди.

Россиядаги «Справочник врача» хизмати Россиядаги шифокорлар ўртасида сўровнома ўтказган. Унда қатнашган 3 минг атрофидаги шифокордан 52 фоизи вакцинани қабул қилишни хоҳламаслигини маълум қилган. 24,5 фоиз шифокорлар эса рози бўлишган. Қарши бўлганларнинг 66 фоизи рад жавоби берганининг сабаби сифатида вакцина хавфсиз эканини исботловчи фактлар етарли эмаслигини келтирган. 48 фоиз рад жавоби берганлар эса вакцина жуда тез ишлаб чиқарилганига шубҳа билдирган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)