14:13 / 19.08.2020
1 245

Эксперт: «Коронавируснинг мутацияга учраши яхши ҳолат бўлиши мумкин»

Эксперт: «Коронавируснинг мутацияга учраши яхши ҳолат бўлиши мумкин»
Юқумли касалликлар бўйича цингапурлик машҳур шифокор Пол Тамбяҳнинг айтишича, коронавируснинг мутацияга учраши, яъни унинг генетикаси ўзгариши яхши ҳолат бўлиши мумкин. Ҳозирда CОVID-19 нинг мутацияга учрагани Европада кўп марта аниқланган бўлиб, бу ҳолат яқинда Малайзияда ҳам юз берган.

Цингапур миллий университетининг катта маслаҳатчиси ва АҚШда жойлашган инфекцион касалликлар бўйича Халқаро Жамиятнинг президенти Пол Тамбяҳ Цингапурда ҳам D614G номли мутация аниқланганини маълум қилди.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, Европада коронавирусдан ўлганларнинг сони тушишига бу қитъада ушбу вируснинг кўп марта мутацияга учрагани сабаб бўлган. Бу эса коронавируснинг мутацияга учраган тури одам ҳаётига олдингисидан камроқ хавф туғдиришини кўрсатмоқда.

Бошқа экспертлардан фарқли равишда, Тамбяҳ вируснинг мутацияси ҳозирда яратилаётган вакциналарнинг самарадорлигига таъсир қилиши эҳтимолдан йироқлигини ва кўплаб вирусларнинг хавфлилик даражаси мутацияга учраганидан кейин камайишини таъкидлаган.

«Балки, юқумлилик даражаси юқори, лекин ўлимга олиб келиш хавфи камроқ бўлган коронавирусни юқтириб олиш яхши бўлиши мумкин. Кўпроқ одамга тарқалиши вируснинг фойдасига ишлайди, лекин у ўзи кирган организмни ўлдиришдан манфаатдор эмас. Чунки, вирус озуқа ва яшаш учун жойга эга бўлиши учун организм тирик бўлиши керак» дейди Тамбяҳ.

ЖССТнинг маълум қилишича, олимлар коронавируснинг мутацияга учраган турини февралдаёқ аниқлашган. Кейинчалик Европа ва иккала Америкада ҳам вируснинг генетикаси ўзгаргани қайд этилган.

Яқинда Малайзия расмийлари мамлакатдаги иккита вирус кластерида коронавируснинг мутацияга учраган D614G тури аниқланганини хабар қилдилар.

16 августда Малайзиянинг соғлиқни сақлаш бўйича бош директори Нур Ҳишом Абдулло аҳолини янада огоҳ бўлишга чақирди. Нур Ҳишомнинг айтишича, вируснинг бу тури олдингисидан 10 мартага юқумлироқ бўлиб, ҳозирда яратилаётган вакциналар унга қарши иш бермаслиги мумкин.

Лекин Тамбяҳ бундай мутациялар ҳозирда яратилаётган вакциналарнинг самарадорлигини камайтирадиган даражада коронавирусни ўзгартириб юбормаслигини айтди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)