07:35 / 25.08.2020
1 765

Олимлар Россия вакцинаси туфайли COVID-19 мутацияга учраши мумкинлигидан огоҳлантирди

Олимлар Россия вакцинаси туфайли COVID-19 мутацияга учраши мумкинлигидан огоҳлантирди
Фото: Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати
Россиянинг учинчи босқич синовларидан ўтмаган коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинасини қўллаш режаси олимларни хавотирга солди, деб ёзмоқда Reuters. Уларнинг фикрича, вакцина етарли даражада самарали бўлмаслиги, оқибатда вирус мутацияга учраши мумкин.

Гап тўлиқ ҳимоя қилолмаслиги мумкин бўлган вакцинани орқали патогенга «эволюцион босим» кўрсатиш ҳақида кетмоқда. Британиянинг Рединг университети вирусология профессори Иэн Жонснинг билдиришича, бунинг оқибатида вирус мутацияга учраб, янги штаммни ҳосил қилиши, у эса кейинчалик бошқа барча вакциналарни ҳам четлаб ўтадиган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

«Вакцина самарали эканлигига ишонч ҳосил қилмоқчимиз. Биз ҳақиқатан ҳам буни билмаймиз», — деган АҚШнинг Вандербилт университети тиббиёт мактабининг вакцина бўйича мутахассиси ва педиатрия профессори Кэтрин Эдвардс. Унинг айтишича, вакцинанинг вирусга таъсири, шу жумладан, унга қарши курашиши, блокировка қилиши ёки мослаштириши хавотир уйғотади.

«Самарали бўлмаган вакцинани қўллаш жуда кўп хавф келтириб чиқариши мумкин. Унинг мутацияга учраши эса назарий хавфдир», — деган Бoстондаги Beth-Israel Deaconess тиббиёт марказининг мутахассиси Дэн Баруҳ. Шу билан бирга, Баруҳ коронавирусларнинг мутацияланиши частотаси ОИВ каби вируслар ҳолатига қараганда анча паст эканлигини таъкидлади. Иэн Жонс ҳам вируснинг вакцина орқали мутацияга учраши камёб ҳолат эканлигини билдирган.

Унинг айтишича, вакцина вируснинг ҳужайрага кириб у ерда репликацияга учрашидан қанчалик самарали ҳимоя қилса, вирус тарқалиши хавфи ва касаллик антитана ҳимоясига чап бериб ўтиши шунчалик кам бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Россиянинг фармацевтика компаниялари ва илмий-тадқиқот ташкилотларини бирлаштирган Клиник тадқиқотлар ташкилотлари ассоциацияси Гамалея номидаги Эпидемиология ва микробиология марказида ишлаб чиқилган вакцина етарлича синовдан ўтказилмагани учун уни рўйхатдан ўтказишни кечиктиришга чақирганди.

Бунга жавобан Россиянинг Соғлиқни сақлашни назорат қилиш федерал хизмати («Росздравнадзор») ушбу вакцина билан бир неча юзлаб кўнгиллилар эмлангани ва уларда вакцинага нисбатан жиддий ножўя таъсирлар кузатилмаганини маълум қилган. Шунингдек, Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг штатдан ташқари бош эпидемиологи Николай Брико COVID-19’га қарши вакцинани яратишда аденовирус асосида бир хил технология ишлатилганини, шунинг учун бу ҳолда у қайта кўриб чиқишга, кечиктиришга муҳтож эмаслигини билдирган.

11 август куни ушбу вакцина вақтинчалик рўйхатдан ўтиш гувоҳномасини олди. Вакцина тўлиқ самарадорлик тадқиқотини ўтказиш шарти билан рўйхатдан ўтказилган ва гувоҳнома 2021 йил 1 январга қадар амал қилади.

Россияда коронавирусга қарши ушбу вакцинани оммавий қўллаш октябрь ойидан бошланади. Вакцинанинг клиник синовлари учинчи фазасининг якунланишидан (ҳатто бошланишидан) олдин рўйхатдан ўтказилиши препаратни энди нафақат синовлардаги иштироки учун компенсация оладиган ва ножўя таъсирга қарши суғурта қилинадиган кўнгиллилар, балки 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган оддий одамлар ҳам қабул қилиши мумкинлигини англатади.

Ишлаб чиқарувчиларнинг ваъдаларига қарамасдан, ҳалигача мазкур вакцина ҳақида илмий журналларда ҳеч қандай маълумот эълон қилинмаган. Вакцина ишлаб чиқарилиши ҳақида хабар бериш учун яратилган сайтда шу пайтга қадар ўтказилган қўшма фаза тадқиқотлари ҳақида ҳам маълумот берилмаган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)