13:17 / 25.08.2020
2 096

Лукашенко: «Мактабларда давлат мафкурасини қўллаб-қувватламайдиган ўқитувчилар бўлмаслиги керак»

Лукашенко: «Мактабларда давлат мафкурасини қўллаб-қувватламайдиган ўқитувчилар бўлмаслиги керак»
Фото: «Белта»
Александр Лукашенко Беларусь «давлат мафкурасини» қўллаб-қувватламайдиган ўқитувчилар мактабларда ишламаслиги керак, деган фикрда. Бу ҳақда «Белта» хабар бермоқда.

Унинг айтишича, Беларусда давлат мактаблари, давлат таълими ва давлат мафкураси мавжуд. «Ушбу тамойилларга амал қилишни истаганлар, марҳамат, боринг, дарс беринг, ишланг. Хоҳламаганлар эса мактабда бўлмасликлари керак. Буни тўғридан-тўғри, очиқ ва ҳаққоний айтиш керак», — деган Лукашенко.

Хабарда айтилишича, август ойида Беларусь таълим вазирлиги ўқитувчиларга таҳдидлар бўлаётгани ва уларга босим ўтказишга уринишлар ҳақида бир неча бор хабар қилган (айнан нима сабабдан эканлигига аниқлик киритилмаган).

Вазирликнинг Telegram каналида ўқитувчиларга қилинган тазйиқнинг намунаси сифатида «Шкварка News» каналидан пост улашилган бўлиб, унда ўқитувчиларга мурожаат қилинган. Мурожаат матни Минскдаги мактаблардан бирида осиб қўйилган. Унда ўқитувчилар хусусан, Беларуснинг амалдаги ҳукуматини қўллаб-қувватлаётган «ҳамкасбларини заҳарламаслик»ка чақирилган.

Бундан ташқари, вазирлик маълумотларига кўра, Telegram’да «ўқитувчиларга қарши қаратилган ҳудудий чатлар» очилган. Мансабдорларнинг фикрича, ушбу чатларда «норозилик ҳаракати фаоллари ўтирибди», бундай чатлардан мақсад эса янги ўқув йилига тайёргарликни бузишдир.

Вазирлик «таълим муассасаларини сиёсий жанглар майдончасига айлантирмасликка» чақирган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Лукашенко: «Мактабларда давлат мафкурасини қўллаб-қувватламайдиган ўқитувчилар бўлмаслиги керак»