15:51 / 12.09.2020
1 487

Инсоният учун глобал таҳдидлар. Одамлар нимадан кўпроқ ташвишда?

Инсоният учун глобал таҳдидлар. Одамлар нимадан кўпроқ ташвишда?
Фото: «The New Daily»
Инсониятни қайси таҳдидлар кўпроқ хавотирга солмоқда? Ушбу саволга жавоб излаган Пью тадқиқотлар маркази (Pew Research Center) мутахассислари 14 мамлакатда кенг кўламли сўровнома ўтказишди.

Кутилмаган натижалар... Авжига чиқаётган пандемияга қарамасдан, юқумли касалликлар таҳдидларнинг «биринчи рақамлиси эмас». Хўш, унда одамлар нималардан кўпроқ қўрқишади, фикрлар ўтган йилларга нисбатан қайси томонга ўзгарди?

Қўрқувнинг ёши, жинси, синфи ёки глобал таҳдидлар
COVID-19 бутун дунёни ларзага солмоқда, сўровнома ўтказилган 14 мамлакатда яшовчилар коронавирусни, умуман, юқумли касалликларни хавфли таҳдид деб ҳисоблашади. Аммо тадқиқотга қўшилган Европа мамлакатларидаги аксарият респондентлар иқлим ўзгаришларидан кўпроқ хавотирдалар.

Иқтисодиёти ривожланган 14 мамлакатда яшовчиларнинг ҳар ўн нафаридан етти нафари глобал иқлим ўзгаришлари ва юқумли касалликларни энг жиддий таҳдидлар деб ҳисоблашади. Ҳар ўн респондентнинг олти нафари эса терроризм, бошқа мамлакатлардан уюштириладиган киберҳужумлар ва ядровий ҳужумлардан қўрқишади.

14 мамлакатнинг 8 тасида (7 таси Европа мамлакати) иқлим ўзгаришлари «биринчи рақамли» таҳдид саналади. Беш мамлакат, хусусан, АҚШда яшовчилар коронавирусни биринчи ўринга қўйишган. Австралия ва Данияда яшовчилар назарида эса киберҳужумлардан ёмони йўқ.

Тадқиқот ўтказилган мамлакатларда яшовчилар (эслатиб ўтамиз, улар ўзига тўқ фуқаролар)ни энг кам ташвишга солаётган муаммолар: глобал қашшоқлик, мамлакатлар, этник гуруҳлар ўртасидаги азалий низолар, қочоқлар масалалари.

Бир неча йиллар аввал Италия ва Буюк Британияда яшовчилар Ироқ ва Суриядан қочоқлар келишини энг катта таҳдид сифатида кўришаётганди. Энди эса 14 мамлакатдан 11 тасида глобал қочоқлар муаммосига таҳдидларнинг энг хавфсизи деб қаралмоқда.

COVID-19 оқибатида глобал иқтисодиёт жиддий таназзулга учради. Сўровнома охирги марта ўтказилган 2018 йилдан бери жаҳон иқтисодиётининг ҳолати одамларни кўпроқ ташвишлантирмоқда: бу сафар 14 та мамлакатнинг 10 тасида ушбу ҳолат тасдиғини топди.

2016 йилдан бери киберҳужумлардан хавотирланувчилар сони тинмай ошмоқда, хусусан, Австралия, Нидерландия, Япония ва Канадада.

Ёши катталар хавфсизлик борасидаги таҳдидлардан кўпроқ хавотирланишади — 50 ёшдан катталарнинг 72 фоизи. 18 дан 29 ёшгача бўлганлар орасида эса бу кўрсаткич 53 фоизга тенг. Худди шундай ёшга доир нисбатларни киберҳужумлар ва ядровий қуроллар борасида ҳам кўриш мумкин.

Аёллар эса иқлим ўзгаришлари ва терроризм хавфидан энг кўп ташвишдалар, қолаверса, уларнинг фобиялари рўйхатида юқумли касалликлар ва глобал қашшоқлик ҳам бор.

Ғоявий нуқтаи назардан ёндашилганда аксарият мамлакатлардаги сўл сиёсий кучларни энг кўп ташвишлантираётган муаммо — иқлим ўзгаришлари, ўнг кучлар эса терроризм ва глобал миграция муаммоларини биринчи планга олиб чиқишган.

Pew Research Center тадқиқотлари телефон орқали 2020 йилнинг 10 июнидан 3 августига қадар ўтказилган. Тадқиқотда қатнашган мамлакатлар: Австралия, Бельгия, Канада, Дания, Франция, Германия, Италия, Япония, Нидерландия, Жанубий Корея, Испания, Швеция, Буюк Британия ва АҚШ.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)