08:20 / 18.09.2020
595

Қозоғистон коронавирусга қарши вакцинанинг клиник синовларини бошлади

Қозоғистон коронавирусга қарши вакцинанинг клиник синовларини бошлади
Фото: РТ
Қозоғистонда коронавирусга қарши вакцинанинг клиник синовлари бошланди. Бу ҳақда Қозоғистон Таълим ва фан вазирлигига таяниб, «Интерфакс» хабар берди.

«Фан қўмитасининг Биологик хавфсизлик муаммолари илмий-тадқиқот институтида яратилган коронавирус инфекциясига қарши QazCovid-in вакцинасининг клиник синовлари бошланди», — дейилади вазирлик хабарида.

Маълум қилинишича, биринчи ва иккинчи фаза доирасида кўнгиллиларни эмлаш ўтказилади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бунинг учун рухсат берган. «Кўнгилли сифатида 244 киши иштирок этиши мумкинлигига қарамасдан, илмий-тадқиқот институтига қисқа вақт ичида хоҳловчилардан кўплаб аризалар келиб тушган. Эълон берилганидан бир неча кун ўтгач биз қабулни тўхтатишга мажбур бўлдик», — дейилади хабарда.

Вазирлик томонидан таъкидланишича, 26 июль куни QazCovid-in вакцинасини дастлаб етти, кейин 20 нафар тадқиқотчи олим қабул қилган. Уларда ўсувчи иммунитет шаклланган, таҳлиллар натижалари вакцинанинг хавфсизлигини ва юқори иммуногенликка эга эканлигини кўрсатган. Вакцинани қабул қилган ходимлар ҳозирги пайтда ўзини яхши ҳис қилмоқда ва ишини давом эттирмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 15 май куни Қозоғистонда яратилган коронавирусга қарши вакцинани номзод вакциналар рўйхатига киритган. 29 августда эса мазкур вакцина клиник синовларга рухсат берилган вакциналар қаторидан ўрин олган.

Қозоғистонлик олимлар коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқишни бошлагани ҳақида март ойи охирларида маълум бўлганди. 1 август куни Қозоғистон миллий аграр университетидаги Халқаро вакцинация марказида мамлакатда коронавирус инфекциясига қарши биринчи эмлаш ўтказилди.

Қозоғистонда коронавирусга қарши вакцинани ишлаб чиқарган шахс — Биологик хавфсизлик муаммолари илмий-тадқиқот институтининг ўта хавфли юқумли касалликлар лабораторияси раҳбари, ветеринария фанлари доктори Леспек Кутумбетов ушбу препаратни биринчилардан бўлиб ўзида синовдан ўтказди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)