14:50 / 03.10.2020
1 916

Коронавирусга чалинган Дональд Трампнинг аҳволи ҳақида маълумот берилди

Коронавирусга чалинган Дональд Трампнинг аҳволи ҳақида маълумот берилди
Ўзининг коронавирусга чалингани ҳақида хабар берган АҚШ президенти Дональд Трампда COVID-19’нинг кучсиз белгилари кузатилмоқда ва у 2 октябрь куни миллатга мурожаат қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда АҚШ президенти администрациясидаги юқори лавозимли манбага таяниб, CNN телеканали хабар берди.

«Оқ уйнинг расмий вакили Трампнинг аҳволини коронавируснинг ‘кучсиз белгиларига’ эга деб тавсифлади. Президентнинг ёрдамчилари жума куни унинг халққа мурожаат қилишини таъминлаш учун йўл изламоқда, эрталаб бу ҳақда қарор қабул қилинмаганди», — дея таъкидлаган телеканал.

Президент администрацияси вакилининг маълум қилишича, Трампда асосий белгилар кузатилмаяпти ва у Оқ уйдаги қароргоҳидан ишлашни режалаштирмоқда.

Оқ уй раҳбарининг шахсий шифокори Скотт Атласнинг Fox News телеканалига берган интервьюсида айтишича, даволашнинг зарур давридан кейин президентнинг соғлиғи тўлиқ ва тез тикланишини кутмоқда. Шифокор президентни, айниқса, ҳозирги ёшида «жуда энергетик одам» деб атаган.

Бундан ташқари, АҚШ Конгрессининг юқори палатасидаги Юридик қўмитага раҳбарлик қилувчи республикачи сенатор Линдси Грэм Дональд Трамп билан 2 октябрь куни эрталаб гаплашганини маълум қилган.

Сенаторнинг сўзларига кўра, президент яхши кайфиятда бўлган. Унинг қўшимча қилишича, Трамп АҚШнинг янги Олий судьясини тайинлаш масаласи бўйича тайёргарлик ҳақида сўраган.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ президенти Дональд Трамп Twitter’даги саҳифаси орқали ўзи ва турмуш ўртоғи Мелания Трампда коронавирус аниқланганини маълум қилганди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)