20:00 / 06.10.2020
2 205

Бишкек шаҳрига намойишчилар томонидан янги мэр тайинланди

Бишкек шаҳрига намойишчилар томонидан янги мэр тайинланди
Жўшбек Коеналиев.
Фото: Facebook

Бишкек мэрияси биносига бостириб кирган намойишчилар «Республика» партиясидан Қирғизистон парламенти депутатлигига номзод Жўшбек Коеналиевни шаҳар мэри деб эълон қилди. Бу ҳақда «РБК» хабар бермоқда.

Янги мэрнинг қабулига аллақачон навбат юзага келган. Аммо шаҳарнинг расмий раҳбари Азиз Суракматов истеъфо ҳақида ариза ёзганича йўқ. У ҳозир айнан қаерда эканлиги номаълум. «АКИpress» маълумотларига кўра, Суракматов ҳозирда масофадан туриб ишламоқда.

Коеналиев ушбу лавозимга Қирғизистон халқи томонидан илгари сурилганини маълум қилган. Аммо айни пайтда амалда бўлган ҳукумат уни ўз номзоди билан алмаштиришга уринишини қўшимча қилган.

Аввалроқ Қирғизистон президенти мамлакатда ҳукуматни ноқонуний эгаллашга уриниш содир бўлганини маълум қилган эди. Бишкекда намойишчилар парламент ва мэрияни эгаллади, собиқ президент Атамбаевни қамоқдан озод қилди.

Эслатиб ўтамиз, ҳукумат биносида парламентга ўтмаган мухолифат партиялар етакчилари вақтинчалик Вазирлар маҳкамасини шакллантиришни муҳокама қилмоқда. «Ата-Журт» мухолифат партияси етакчиси Қамчибек Ташиев бино яқинида тўпланган одамларга бош вазир лавозимига парламент собиқ депутати Садир Жапаров кўзда тутилаётганини маълум қилган, у ўтган тунда намойишчилар босими остида ҳибсдан озод этилганди. У Қоракўлда 2013 йилда митинглар уюштиргани ҳамда Иссиқкўл вилояти губернатори Эмилбек Каптагаевни гаровга олгани учун 2018 йилда 11,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Муваққат ҳукумат таркиби бўйича якуний қарорни мухолифат кечга яқин қабул қилишни режалаштирмоқда.

Маълумот учун, мамлакатнинг бир неча минг аҳолиси Қирғизистонда бир кун аввал бўлиб ўтган парламент сайловлари натижаларидан норози бўлгани учун митингга чиққан. Расмий маълумотларга кўра, 16 та иштирокчи партиядан 4 тасигина Жўқорғи Кенгешга ўтган, улардан 2 таси — ҳукуматга қарашли. Сайловларда кўп сонли қоидабузарликлар, шу жумладан, овозларни сотиб олиш қайд этилган. Мағлуб бўлган партиялар вакиллари овоз бериш якунларини тан олишдан бош тортди ва Марказий сайлов қўмитасини уларни бекор қилишга чақирди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)