11:00 / 11.10.2020
1 793

Лукашенко ҳибсдаги мухолифат вакиллари билан учрашди

Лукашенко ҳибсдаги мухолифат вакиллари билан учрашди
T.ME/PUL_1
Беларусь президенти Александр Лукашенко шанба куни мамлакат хавфсизлик қўмитаси ҳибсхонасида мухолифат вакиллари билан учрашди. У мухолифат етакчилари билан «ҳамманинг фикрини эшитиш учун» учрашув ўтказган.

Лукашенко билан боғлиқ хабарларни тезкор етказиб борувчи ва президент матбуот хизматига яқин экани айтиладиган «Пул первого» телеграм-канали учрашувга оид суратлар ва видео эълон қилди.

«Конституция кўчада ёзилмайди» – бу президентнинг ўзларини муваққат кенгаш деб атовчи бирлашган штаб вакилларига мурожаати бўлди», дейилади каналдаги постда.

Учрашув ҳақида БелТА ҳукумат ахборот агентлиги ҳам хабар берди. Кадрлардан учрашувда 11 киши, хусусан, «Белгазпромбанк» раҳбари Виктор Бабарико, унинг ўғли Эдуард Бабарико, муваққат кенгаш аъзоси юрист Лилия Власова, мухолифат кенгаши координатори Юрий Воскресенский бўлганини кўриш мумкин.

Муваққат кенгаш аъзоси бўлган мухолифатчи Павел Латушко Лукашенко бу учрашув билан мамлакатда мухолифатчи сиёсатчилар қамаб қўйилганини тан олганини қайд этиб ўтган.

«Қамоқхонадаги муҳокама столи... Бу шунчаки абсурд. Ахир қандай қилиб конституция масаласида КГБ қамоқхонасида муҳокама ўтказиш мумкин? Лукашенко бугун «мулоқот ўтказган» одамларни сиёсий маҳбуслар сифатида тан олди десак бўлади. Бу ҳолат Лукашенко кучсизланаётганини кўрсатади», деган Летушко «Интерфакс-Запад» нашрига.

«Бугунги учрашув биз тўғри йўлда эканимизни кўрсатди. Лукашенко ўзи қамаган одамлар билан муҳокама столига ўтиришга мажбур бўлди. Унинг давлатида барчаси дарз кетмоқда: иқтисод қуламоқда, банк тизими ҳам, ҳарбий қўллаб-қувватлаш сусайган, ташқи сиёсат оғир аҳволда, мамлакатда тўлиқ изоляция амалда», деган Павел Летушко Tut.by сайтига.

GETTY IMAGES
Беларусь президентлик сайловларидаги Лукашенконинг асосий рақиби бўлган Светлана Тихановская 4 ой ичида илк марта эри Сергей Тихановский билан телефонда гаплашганини айтди. Суҳбат ҳар икки томон учун кутилмаганда содир бўлган.

«Бугунги воқеа биз амалга оширган босим натижаси бўлди. Бу учрашув билан Лукашенко олдинроқ ўзи жиноятчи деб атаган одамларнинг сиёсий маҳбус эканини тан олди. Агар у мулоқот хоҳласа, сиёсий маҳбусларни тезда озодликка чиқариши керак. Мулоқот қамоқхонада ўтказилмайди. У конституцион ислоҳот ҳақида гапирмоқда, лекин буни фақат бизнинг намойишларни кучсизлантириш учун қилмоқда, лекин биз ўз йўлимизда собит турамиз ва янги сайловларга тинчлик йўли билан эришамиз», деган Тихановская.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Лукашенко ҳибсдаги мухолифат вакиллари билан учрашди