11:30 / 27.10.2020
480

Словения ва Чехияда коронавирус сабабли комендантлик соати киритилди

Словения ва Чехияда коронавирус сабабли комендантлик соати киритилди
Фото: Reuters
Словения ва Чехияда коронавирус тарқалиши олдини олиш учун комендантлик соати киритилди. Словенияда одамларнинг ҳаракатланиши соат 21дан 6гача, Чехияда эса соат 21дан соат 5гача чекланади.

Словенияда комендантлик соати 27 октябрдан кучга киради. Баҳорда Словения ўз ҳудудида пандемия якунланганини эълон қилган Европанинг биринчи давлатларидан бири бўлганди.

Словенияда аҳоли пунктлари орасида ҳаракатланиш ҳам таъқиқланади. Бошқа ҳудудга ишга бориш керак бўлган ҳолатлар бундан мустасно бўлади. Бундан ташқари, қариндошини парваришлаш, хорижий элчихона ва консулхоналарга бориш керак бўлганда ҳам бошқа муниципалитетга киришга рухсат берилади. Чекловлар бир ҳафта амал қилади.

Шунингдек, 6 нафардан кўпроқ одам иштирокидаги оммавий тадбирлар, жумладан тўйлар ва диний маросимлар тақиқланади. Карантинни секин-аста бекор қилиш режалаштирилмоқда.

Чехияда комендантлик соати 28 октябрдан 3 ноябргача амал қилади. Бу вақтда одамларнинг эркин ҳаракатланиши соат 21дан 5гача тақиқланади. Аввалроқ Чехияда вирус тарқалиши олдини олиш учун барлар, ресторанлар ва аксарият дўконлар ёпилган эди. Бироқ таъкидланишича, бу касалланиш ҳолатларининг сезиларли камайишига олиб келмаган.

Охирги маълумотларга кўра, Словенияда касалланиш ҳолатлари 24 мингдан ошган, 251 киши инфекциядан вафот этган. Чехияда эса 263 минг киши вирус юқтириб олган, улардан 2,3 минг нафари вафот этган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)