09:43 / 30.10.2020
1 553

Японияда аҳолига коронавирусга қарши бепул эмланиш таклиф этилади

Японияда аҳолига коронавирусга қарши бепул эмланиш таклиф этилади
Фото: «РИА Новости»
Япония ҳукумати барча аҳолига COVID-19’га қарши бепул вакциналар таклиф қиладиган қонун лойиҳасини маъқуллади, деб хабар бермоқда Japan Times.

Вакцинация бўйича амалдаги қонунга тузатишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Япония бош вазири Есихиде Сугининг 2021 йилнинг биринчи ярмида мамлакатнинг барча аҳолисини коронавирусга қарши вакцина билан таъминлаш ваъдасига мувофиқ келади.

Бепул вакцина тақдим этиши билан бирга, аҳолига эмлашдан ўтиш қатъиян тавсия қилинади.

Таъкидланишича, шу мақсадда ҳукумат бюджетидан 6,3 миллиард доллар миқдорида маблағ ажратган. Ҳукумат Британиянинг AstraZeneca PLC ва АҚШнинг Pfizer Inc. фармацевтика компанияси билан ишлаб чиқариш муваффақиятли ўтганидан сўнг ҳар бир компаниядан 120 миллион дозада вакцина олиш бўйича келишувга эришди. Шунингдек, 40 миллионта қўшимча дозалар борасида Американинг Moderna Inc фирмаси билан музокаралар олиб бормоқда.

Вакцинанинг айрим синовларида жиддий ножўя таъсирлар қайд этилиб, тадқиқотлар вақтинча тўхтатилган. Яқинда ЖССТ вакили вакцинанинг 2021 йилдан аввал кенг қўлланилиши эҳтимолдан йироқлигини айтганди.

Япония ҳукумати ўз вакцинасини ишлаб чиқаришни талаб қилмоқда, аммо мамлакат компаниялари томонидан ишлаб чиқарилаётган вакциналар ҳали ҳам клиник тадқиқотларнинг дастлабки босқичида турибди.

Жонс Ҳопкинс маълумотларига кўра, Японияда 99 мингдан ортиқ киши коронавирусга чалинган, уларнинг 1733 нафари вафот этган.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Японияда аҳолига коронавирусга қарши бепул эмланиш таклиф этилади