00:30 / 05.11.2020
1 855

Британияда шифокорлар бемор қизнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун унинг бор қонини «сўриб олди»

Британияда шифокорлар бемор қизнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун унинг бор қонини «сўриб олди»
Фото: ЛАББибле
Буюк Британияда шифокорлар камёб касалликка чалинган талаба қизнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун операция вақтида унинг танасидаги бор қонни сўриб олди, деб хабар беради ЛАББибле.

23 ёшли Иззи Скотт Ёрк университетидаги театр факультетининг учинчи босқич талабаси. 2018 йилнинг октябрида у қаттиқ нафас қисиши, кўкрак соҳасидаги оғриқ ва бош айланишидан азият чека бошлаган. Унинг лаблари кислород етишмаганидан кўкариб кетган. Орадан бироз вақт ўтгач қизнинг аҳволи оғирлашиб қолганидан у уйдан чиқа олмай қолган. Бироқ терапевт унга аниқ ташхис қўя олмаган ва ҳар сафар турли мутахассисларга юборган.

2019 йилнинг декабрига келибгина қизга сурункали тромбоэмболик ўпка гипертензияси — ўпкада яра чандиқлари ва қон қуйқалари пайдо бўладиган касаллик — ташхиси қўйилган. Бутун Буюк Британияда бу каби касалликдан 400 га яқин инсон азият чекади.

Талаба мамлакат бўйлаб ушбу касалликни даволашга қодир шифокорларга эга Кембриждаги ягона касалхонага олиб борилган. Скоттнинг ўпкасидаги барча тромбларни олиб ташлаш учун шифокорлар таваккалчиликка асосланган операцияни ўтказишга мажбур бўлган: қизнинг танасидан барча қонни сўриб олиш ва унинг тана ҳароратини икки баробар тушириш. «Менга техник жиҳатдан операция вақтида ўликдек бўлишимни айтишди. Шифокорлар мени қайта тирилтириш учун ўлдиришга мажбур», — дейди қиз.

Фото: ЛАББибле
Операция 2020 йилнинг августига белгиланган, бироқ коронавирус пандемияси сабаб қизнинг оиласи уни қўллаб-қувватлаш учун етиб кела олмаган. «Операцияга уч кун қолганида мутлақо ёлғиз эдим. Қайта уйғонмасам, нима бўлиши, қариндошларим билан сўнгги суҳбатим FaceTime орқали амалга оширилгани тўғрисида ўй-фикрлар тинчлик бермасди», — дея тан олади Скотт. Операция муваффақиятли ўтган, бироқ мияда қон кетиши оқибатида бемор яна уч ҳафта шифохонада қолишга мажбур бўлган.

Британиялик талаба шифокорларнинг меҳнати учун уларга миннатдорчилик билдирган: операция унинг ҳаётини сезиларли даражада яхши тарафга ўзгартирган. Касаллик авжига чиққанида у ҳатто зинадан ҳам кўтарила олмас эди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)