20:16 / 08.11.2020
1 859

Байден АҚШнинг дунё олдидаги ҳурматини қайтаришга ваъда берди

Байден АҚШнинг дунё олдидаги ҳурматини қайтаришга ваъда берди
Фото: Getty Images
АҚШ президентлигига Демократлар партиясидан номзод бўлган Байден ва вице-президентликка номзод Камала Харрис ўз ғалабалари ҳақидаги дастлабки маълумотлардан сўнг халққа мурожаат билан чиқиш қилди, деб хабар бермоқда «РБК».

«Мен ушбу лавозимга Америка руҳини даволаш, ушбу мамлакатнинг асоси — ўрта қатламини тиклаш ва Америка дунёда яна ҳурмат қозониши учун интилдим», — деган Байден.

Унинг сўзларига кўра, у ўз эътиборини COVID-19’га қарши курашиш, фуқаролар фаровонлигини ошириш, шунингдек, иқлимни ҳимоя қилиш ва ирқчиликка қарши курашга қаратмоқчи.

Байденнинг айтишича, 9 ноябрь куни у коронавирус тарқалишига қарши курашиш режасини ишлаб чиқишни бошлайдиган экспертлар гуруҳини чақиради. «Душанба куни мен Байден ва Харриснинг COVID-19 бўйича режаси асосида ҳаракатлар дастури лойиҳасини тайёрлашда ёрдам бериш учун ўтиш даври бўйича маслаҳатчилар сифатида хизмат қиладиган етакчи олимлар ва экспертлар гуруҳини тақдим этаман», — деган Байден. Унинг сўзларига кўра, ишлаб чиқилган дастур инаугурациядан сўнг, 2021 йилнинг январида кучга киради.

Бундан ташқари, Байден «жамиятни ажратмайдиган, аксинча, уни бирлаштирадиган президент» бўлишга ваъда берган. У республикачи Дональд Трампга овоз берганларнинг ҳафсаласи пир бўлганини тушунишини, аммо энди «бир-биримизга имконият бериш кераклигини» айтган. «Кескин гапларни бир четга суриб, даражани пасайтириш, яна бир-биримизни кўриш, бир-биримизга қулоқ солиш пайти келди», — деган Байден.

АҚШ оммавий ахборот воситалари, хусусан, Associated Press, CNN, The New York Times, ABC News, Fox News ва бошқалар 7 ноябрь, шанба куни Жо Байденни АҚШнинг сайланган президенти деб эълон қилди. ОАВ ҳисоб-китобларига кўра, президентликка номзод – Демократик партиядан кўрсатилган собиқ вице-президент Жо Байден Пенсильвания штатида ғалаба қозонган ва президент сайловида ғолиб чиқиш учун танловчиларнинг камида 270 та овози керак бўлган ҳолатда 273 та овозни қўлга киритган.

АҚШнинг амалдаги президенти Дональд Трамп Американинг йирик оммавий ахборот воситалари Жо Байденнинг сайловларда ғолиб чиққанлигини эълон қилганидан кейин ҳозирча мағлубиятини тан олишдан бош тортди.

Танловчилар ҳайъати президентни расман 14 декабрь куни сайлайди.

The New York Times’нинг ёзишича, 77 ёшли Байден 20 январь куни АҚШнинг 46-президенти сифатида қасамёд қилади ва ушбу лавозимни эгаллаган тарихдаги энг кекса шахсга айланади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Байден АҚШнинг дунё олдидаги ҳурматини қайтаришга ваъда берди