14:20 / 15.11.2020
1 366

Осиё давлатлари эркин савдо ҳақида дунёдаги энг йирик келишувни имзолади

Осиё давлатлари эркин савдо ҳақида дунёдаги энг йирик келишувни имзолади
Фото: Zhangjingang / Globallookpress
Осиё-Тинч океани минтақасининг 15та давлати эркин савдо ҳақида дунёдаги энг йирик келишувни имзолади. Келишув Хитойнинг қўллаб-қувватловида тузилган.

Минтақавий кенг қамровли иқтисодий ҳамкорлик (RCEP) келишуви Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциациясининг (АСЕАН) онлайн-саммитида имзоланди. Унга Жануби-Шарқий Осиёнинг 10та давлати - Бруней, Вьетнам, Индонезия, Камбожа, Лаос, Малайзия, Мьянма, Сингапур, Таиланд, Филиппин ҳамда Хитой, Япония, Жанубий Корея, Янги Зеландия ва Австралия кирди.

Келишув орқали таркибига АҚШ кирмайдиган йирик савдо блоки шакллантирилди. Reuters ахборот агентлигининг таъкидлашича, бундай блок Хитойнинг келишувга кирган давлатларнинг иқтисодий ҳамкори сифатидаги позицияларини мустаҳкамлаш ҳамда ушбу ҳудудда савдо қилиш имкониятларини яхшилаш имконини беради.

Тез орада RCEP уни имзолаган давлатлар томонидан ратификация қилинади ва кучга киради. Бу пандемиядан кейин иқтисодиётни тиклашга кўмак беради”, деб айтган Вьетнам бош вазири Нгуен Суан Фук.

Келишувга кирган давлатларнинг умумий аҳолиси 2,2 млрд кишини ташкил қилади. Ушбу давлатларга жаҳон иқтисодиётининг 29 фоизи тўғри келади ва уларнинг умумий ялпи ички маҳсулоти ҳажми 26,2 трлн долларни ташкил қилади. Бу Европанинг улушидан (33 фоиз) камроқни ташкил қилади, бироқ экспертларнинг фикрича, ушбу кўрсаткич яқин орада ўсиши мумкин.

Келишув доирасида паст қийматли савдо божлари амал қилади, электрон савдонинг янги қоидалари тизимлаштирилади, товарлар ишлаб чиқарилган давлатларни белгилашнинг унификациялашган қоидалари қўлланган ҳолда етказмалар занжири мустаҳкамланади.

Осиё давлатлари ўртасида бундай келишувнинг пайдо бўлиши АҚШ компаниялари ва ушбу келишув ҳудудидан ташқаридаги бошқа трансмиллий корпорацияларни ноқулай вазиятга қўйиши мумкин. Бу АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан Вашингтоннинг Транстинчокеани ҳамкорлиги (ТТҲ) келишувидан чиқиши ҳақида 2017 йилда имзолаган меморандумидан кейин айниқса сезилади. Ушбу келишув доирасида Осиё-Тинч океани минтақасида эркин савдо ҳудудини ташкил этиш кўзда тутилганди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)