23:00 / 16.11.2020
2 374

Тарихдаги энг йирик эркин савдо келишуви 15 давлатни Хитой атрофида бирлаштирди

Тарихдаги энг йирик эркин савдо келишуви 15 давлатни Хитой атрофида бирлаштирди
Фото: AFP
Шарқий Осиё минтақасидаги 15 давлат тарихдаги энг йирик савдо келишувини имзолашди, бу келишув сайёрада яшовчи ҳар учинчи кишининг даромади ўсишини ваъда қилади ҳамда Доналд Трампнинг агрессив протекционизми ва Covid-19 пандемияси туфайли юзага келган вазиятда глобаллашув тарафдорларига жаҳон савдоси ўсиши ҳамда ҳамкорлик тикланишига умид бахш этади.

RCEP номини олган ушбу келишув Хитой ва Жануби-Шарқий Осиё минтақаси давлатларини (Бруней, Вьетнам, Индонезия, Камбожа, Лаос, Малайзия, Мянма, Сингапур, Таиланд ва Филиппин), шунингдек, Австралия, Янги Зеландия, Япония ва Жанубий Кореяни Хитой атрофида бирлаштирди. АҚШ ва Европа Иттифоқидан кейинги дунёдаги учинчи йирик иқтисодиёт бўлган Хитой бунгача ҳеч қачон бундай кўп томонлама, айниқса ашаддий рақиб Япония билан келишув имзоламаганди.

Энди эса Хитой тарихдаги энг йирик келишув марказида – бунда Трампнинг ўзига хос «ҳиссаси» бор. Гап шундаки, RCEP бўйича музокаралар олиб борилган 8 йил мобайнида унинг Япония, Австралия ва Янги Зеландия каби йирик иштирокчилари параллел равишда Тинч океанининг иккинчи томонидаги давлатлар, жумладан, Канада ва АҚШ иштирокида Осиё-Тинч океани минтақасида эркин савдо ҳудуди ташкил этилишини кўзда тутувчи Транс-Тинч океани шериклиги (Trans-Pacific Partnership, TPP) блокини ташкил этишганди.

Барак Обама президентлиги даврида, 2016 йил февралида Тинч океани минтақаси давлатлари билан трансчегаравий ҳамкорлик келишуви имзоланганди. Аммо Трамп бу ғоядан воз кечди ва 2017 йилда бундай ҳамкорлик мамлакат манфаатларига зид эканини айтиб, Американи музокаралардан олиб чиқди. Бу эса RCEP ташкил этилишини жадаллаштирди. Бу келишув якшанба куни Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциациясининг (АСЕАН) онлайн-саммитида имзоланган ва барча иштирокчилар келишувни ратификация қилгач кучга киради, бунинг учун яна бир неча йил кетади.

Ушбу келишув Осиёдаги савдо шерикларига бир-бирининг бозорига кириш ҳуқуқини беради, келишув доирасида паст қийматли савдо божлари амал қилади, электрон савдонинг янги қоидалари тизимлаштирилади, товарлар ишлаб чиқарилган давлатларни белгилашнинг унификациялашган қоидалари қўлланган ҳолда етказмалар занжири мустаҳкамланади. Бу эса айниқса минтақанинг қашшоқ мамлакатларида иқтисодий ўсиш тезлашишини ҳамда юқори турмуш даражасини ваъда қилади. Блок янада кенгайиши, кейинроқ унинг таркибига Ҳиндистон ҳам кириши мумкин.

Келишув турли даражадаги иқтисодиётга эга давлатлар – қашшоқ Лаос ва бадавлат Янги Зеландия, коммунистик Хитой ва пост-империал Япониянинг интеграциялашуви учун биринчи қадамдир.

RCEP (Regional Comprehensive Economic Partnership, ёки Минтақавий кенг қамровли иқтисодий ҳамкорлик) сайёрадаги бошқа йирик эркин савдо ҳудудлари – Шимолий Америкадаги АҚШ, Канада ва Мексика ёки кўҳна қитъанинг 27 давлати иштирокидаги иттифоққа етишига ҳали анча бор.

Масалан, янги келишув ишчилар ҳуқуқларига алоқадор эмас, турли мамлакатларда атроф-муҳит муҳофазаси ва интеллектуал мулк ҳуқуқи ҳимоясига турлича ёндашиш имконини беради.

Бундан ташқари, у савдо сиёсатининг бир қисмини иштирокчи давлатлар ихтиёрида қолдиради, яъни Хитой ёки Япония ўз бозорини маълум бир тақиқловчи божлар билан ҳимоя қилиши ва савдо эркинлигини қисман чеклаши мумкин. Шунингдек, баҳсларни ҳал қилишнинг умумий механизми ҳам кўзда тутилмаган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Тарихдаги энг йирик эркин савдо келишуви 15 давлатни Хитой атрофида бирлаштирди