00:26 / 17.11.2020
2 934

Пашинян ўзини Қорабоғдаги вазият учун бош жавобгар деб атади

Пашинян ўзини Қорабоғдаги вазият учун бош жавобгар деб атади
Фото: «ТАСС»
Арманистон бош вазири Никол Пашинян онлайн матбуот анжуманида саволларга жавоб берар экан, Тоғли Қорабоғда юзага келган вазият учун ўзини жавобгар деб атади. Бу ҳақда «РБК» хабар бермоқда.

«Албатта, мен ушбу вазият учун бош жавобгар ўзим эканлигимни тушунаман», — деди у.
Пашинян арман халқи ҳукмига ҳавола этилиши кераклигини тушунишини таъкидлади.

Бош вазирнинг фикрича, ушбу ҳолатда халқ судья ва у иш билан боғлиқ барча ҳолатлардан хабардор бўлиши керак. У ҳарбийлар, мухолифат ва ҳукумат билан музокаралар олиб бориш зарурияти борлигини қайд этди.

Мамлакатда ва Тоғли Қорабоғ ҳудудида бўлиб ўтаётган воқеаларга қарамай, Пашинян истеъфо бериш нияти йўқлигини айтди. «Менинг кун тартибимда фақат битта масала бор, у ҳам бўлса — мамлакатда барқарорликни таъминлаш. Кун тартибимда бошқа масала йўқ», — деди у.

Шунингдек, онлайн матбуот анжуманида Арманистон бош вазири Тоғли Қорабоғдаги қуролли низо оқибатида бир неча юзлаб арман ҳарбий хизматчилари бедарак йўқолганини маълум қилди. Сиёсатчи уларнинг баъзилари тирик қолганига умид қилди. Хусусан, Пашиняннинг айтишича, илгари бедарак йўқолганлар рўйхатида бўлган бир аскар тирик ҳолда топилган.

Бош вазирнинг сўзларига кўра, Тоғли Қорабоғда Арманистон томонидан қарийб 2,4 минг киши ҳалок бўлган. Пашинян миллий мотам кунини жасадларни қидириш жараёни якунланганидан ўтказиш мумкинлигини қайд этди.

Аввалроқ тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси президенти Араик Арутюнян ҳарбий хизматчилар жасадларини айирбошлаш 13 ноябрь куни Россия тинчликпарварлик миссияси воситачилигида ва Қизил ХОч халқаро қўмитаси иштирокида бошланганини айтганди.

Россия президенти Владимир Путиннинг сўзларига кўра, Тоғли Қорабоғдаги низо чоғида 4 мингдан зиёд киши ҳалок бўлиб, 8 мингга яқин одам жабрланган ва ўн минглаб киши қочоққа айланган.

Сентябрь охиридан буён Тоғли Қорабоғда Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги жанговар ҳаракатлар давом этиб келаётган эди. Боку ва Ереван ҳарбий ҳолат эълон қилди ва бир-бирини тинч аҳоли вакилларига ҳужумларда айблади. Ўт очишлар оқибатида ҳарбий хизматчилар ҳам, тинч аҳоли ҳам қурбон бўлди.

Россия иштирокидаги музокаралар натижасига кўра, низо томонлари ўт очишни тўхтатишга қарор қилди. 10 ноябрга ўтар кечаси Арманистон бош вазири Никол Пашинян Озарбайжон ва Россия президентлари Илҳом Алиев ва Владимир Путин билан Тоғли Қорабоғда ўт очишни ва жанговар ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисида келишув имзолади. Ҳужжатга кўра, Боку ва Ереван эгаллаб турган позицияларида тўхтаб, Тоғли Қорабоғ ҳудудининг бир қисми, шу жумладан, стратегик жиҳатдан муҳим Шуша шаҳри Озарбайжонга ўтади.

Шартларда айтилишича, Арманистон 20 ноябргача Агдам ва Калбажар туманларини, 1 декабрга қадар Лачинни Озарбайжонга қайтариши керак эди. Шунингдек, келишув минтақага Россия тинчликпарвар кучларини киритишни назарда тутади. Низони тартибга солишда бошқа мамлакатлардан тинчликпарвар кучларнинг иштирокини ўша вақтда Москва рад этган эди.

Келишув имзоланган бир пайтда Ереванда норозилик намойишлари ва тартибсизликлар бошланди. Уларнинг иштирокчилари Пашинянни истеъфога чиқишга чақирди. Мухолифат етакчиларининг баъзилари қўлга олинди ва уларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Пашинян ўзини Қорабоғдаги вазият учун бош жавобгар деб атади