13:45 / 17.11.2020
1 275

BioNTech компанияси раҳбари одамлар қачон одатий ҳаёт тарзига қайтиши мумкинлигини айтди

BioNTech компанияси раҳбари одамлар қачон одатий ҳаёт тарзига қайтиши мумкинлигини айтди
Фото: Reuters
Германиянинг BioNTech фармацевтика компанияси асосчиларидан бири ва раҳбари Угур Шахиннинг фикрича, келаётган қиш қийин бўлади, чунки вакциналар COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари сонига сезиларли таъсир кўрсатишга улгурмайди. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.

Ноябрь ойининг бошида BioNTech ва АҚШнинг Pfizer компанияси улар ишлаб чиқараётган вакцина синовларда 90 фоиздан юқори самарадорликни кўрсатганини маълум қилди. Бу эса фонд бозорларида котировкаларнинг тез ўсишига сабаб бўлди.

Бироқ Шахиннинг сўзларига кўра, COVID-19 тарқалиши билан боғлиқ вазият яқин ойларда яхшиланмайди.

«Бу қиш қийин бўлади», — деб огоҳлантирди BioNTech раҳбари. Угур Шахиннинг айтишича, ҳатто энг яхши ҳолатда ҳам, унинг компанияси ўз вакцинасини етказиб беришни фақат 2020 йилнинг охирида ёки 2021 йил бошида бошлаши мумкин. Компания раҳбари Европа Иттифоқи аҳолисининг камида бир қисмини эмлаш учун зарур бўлган 300 миллион дозани ишлаб чиқариш фақат 2021 йилнинг апрелигача режалаштирилганлигини таъкидлаган.

Шахиннинг сўзларига кўра, 2021 йилнинг ёзида COVID-19 юқтириш даражаси табиий равишда камаяди, аммо кейинги кузга қадар эмлашни якунлаш керак.

«Ишончим комилки, шундай бўлади, чунки вакциналар ишлаб чиқарадиган бир қатор компаниялар мавжуд бўлиб, бизга етказиб беришни кўпайтиришга ёрдам беради. Шундай қилиб, келаси йил биз одатдагидек қишлашимиз мумкин», — дея ваъда берди Шахин.

Унинг таъкидлашича, ҳатто реал шароитда BioNTech ва Pfizer томонидан ишлаб чиқарилган вакцинанинг самарадорлиги 90 фоиз эмас, балки атиги 50 фоиз бўлса ҳам, бу COVID-19 тарқалишининг кескин пасайишини таъминлаш учун етарли бўлади.

Шахиннинг сўзларига кўра, вакцина натижасида юзага келган иммунитет қанча давом этиши ҳақида гапиришга ҳали эрта. Аммо агар бир йилдан кейин эмланганларнинг иммунитети пасайган бўлса, қайта эмлаш катта қийинчиликларга олиб келмаслиги керак.

Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг Moderna компанияси 16 ноябрь куни синовларнинг учинчи босқичидаги коронавирусга қарши вакцина 94,5 фоиз самарадорлик кўрсатганини эълон қилди. Бу янгилик ортидан АҚШ фонд бозорида ўсиш бошланди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)