00:04 / 30.11.2020
2 865

Трампдан янги сайланган президент Байденга кутилмаган «совға» (фото)

Трампдан янги сайланган президент Байденга кутилмаган «совға» (фото)
Фото: «AFP 2020 / IRIB NEWS AGENCY»
Жорий йил 27 ноябрь куни Теҳрон шаҳри яқинидаги қасабада эронлик таниқли физик олим Муҳсин Фахризоданинг ўлдирилишига доир янги тафсилотлар маълум бўлмоқда.

Исми ошкор этилмаган Америка ҳукумати вакили ҳамда махсус хизматнинг икки ходими олимнинг ўлдирилиши ортида Исроил турганини маълум қилган.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу девонхонаси суиқасд борасида изоҳ беришдан бош тортган. АҚШ мудофаа вазирлиги ҳам ушбу ҳодисага муносабат билдиришдан тийилган. Аммо кузатувчилар, қотиллик ортида Исроил махсус хизмати тургани эҳтимоли жуда юқори деган фикрда.

Исроил ҳукумати раҳбари Б.Нетаняҳу 2018 йили Эрон ядро дастурига доир махфий маълумотларни ошкор этар экан, профессорнинг суратини кўрсатиб, «Ушбу исмни эслаб қолинглар: Муҳсин Фахризода!» дея хитоб қилган эди. Қолаверса, бунга қадар, 2010-2012 йилларда мазкур давлат махсус хизмати томонидан Эроннинг яна тўрт нафар ядро соҳаси мутахассиси ўлдирилган эди.

Эрон мудофаа вазирлигининг инновация ва тадқиқотлар бўлими раҳбари, Имом Ҳусайн номидаги университет профессори саналган Муҳсин Фахризода кўп йиллар давомида мамлакатнинг ядро соҳасидаги тадқиқотларига бошчилик қилган. Айрим Ғарб нашрлари Фахризодани Иккинчи жаҳон урушида АҚШда ядро қуролини яратиш лойиҳасига бошчилик қилган Роберт Оппенгеймга муқояса этишади. Фахризода «Эрон ядро соҳасининг отаси» деб ҳам аталиши ҳам бежиз эмас. Эрон билан муросасиз мухолифатда бўлган қўшни давлат махсус хизмати Фахризодани аввал ҳам ўлдиришга уринган, аммо суиқасд муваффақиятсиз якунланган.

Профессор Муҳсин Фахризодага қадар, 2010-2012 йилларда Эроннинг ядро физикаси бўйича яна тўрт олими ҳам ўлдирилган. Фото: «AP»
Шанба куни давлат телевидениеси орқали баёнот берган Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ҳам суиқасдда Исроилни айблади. Айни чоқда, олим вафот этган бўлса-да, ядро бўйича тадқиқотлар давом этишини таъкидлади. Эрон ташқи ишлар вазири Жавод Зариф эса қотилликни «давлат террорчилик ҳаракати» деб атади.

Қайд этилишича, Муҳсин Фахризода кетаётган машинага бир гуруҳ жангарилар қуролли ҳужум уюштирган. Жангарилар ва қўриқчилар ўртасидаги тўқнашувда олим оғир жароҳатланган. Шифокорларнинг уринишларига қарамай, у шифохонада вафот этган.

АҚШ миллий хавфсизлик кенгаши қошидаги қуролланишга қарши тузилманинг собиқ раҳбари Эрик Брюэрга кўра, профессор Фахризоданинг ўлдирилиши у бошчилик қилаётган лойиҳаларнинг тўхтаб қолишига олиб келади. Бу ҳодиса Эрон сиёсий ва илмий доиралари руҳиятига ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Мудофаа соҳаси эксперти Муҳаммад Маранди эса олимнинг ўлдирилиши илмий изланишларга у қадар таъсир этмайди деб ҳисоблайди. Унинг қайд этишича, сўнгги 10 йил давомида Эронда Фахризоданинг ишини давом эттирувчи олимлар авлоди шаклланди ва улар марҳум мутахассиснинг тадқиқотларини муносиб давом эттира олади.

Бинямин Нетаняҳу 2018 йилда Эроннинг махфий мудофаа дастури ҳақида маълумот берар экан, «Фахризода исмини эслаб қолинг!» деган эди. Фото: «Reuters»
Таҳлилчилар ушбу ҳодисани Оқ уйни тарк этаётган Дональд Трампнинг янги сайланган президент Жо Байденга кутилмаган совғаси деб атамоқда.

Дональд Трамп бошқаруви даврида (2016-2020) Вашингтоннинг Теҳронга нисбатан босими фавқулодда кучайди. Трамп маъмурияти ҳатто президент Барак Обама даврида Эрон билан имзоланган битимдан ҳам бир томонлама чиқди. Ушбу ҳужжатда Эрон ядро дастуридан воз кечиши, бунинг эвазига Ғарб давлатлари иқтисодий жазо чораларини бекор қилиши кўзда тутилган.

АҚШнинг янги сайланган президенти Жо Байден эса расман давлат раҳбари фаолиятини бажаришга киришгач, Эрон билан ядро битимини қайта тиклашини маълум қилган эди.

Жоржтаун университети қошидаги тадқиқот маркази катта илмий ходими Пол Пилларга кўра, эронлик таниқли олимни ўлдириш орқали Байденнинг Эрон билан яқин ойлардаги музокараларини мураккаблаштириш, таъбир жоиз бўлса, боши берк кўчага тиқиш мақсад қилинган. Яъни Трамп қалтис ҳаракатлар орқали Байденнинг қўлини боғлаб қўйишга уринмоқда.

Эрон раҳбарияти ядро дастури фақат тинчлик мақсадларида ишлатилишини айтиб келади. Фото: «Reuters»
Жорий йил бошида Эроннинг юқори мартабали генерали Қосим Сулаймонийнинг АҚШ ҳарбийлари томонидан ўлдирилиши икки мамлакат ўртасида таранг муносабатларни баттар мураккаблаштирган эди.

Мазкур қотиллик алами совимасдан туриб, Эроннинг мудофаа соҳасидаги яна бир арбоби ўлдирилди. Бу эса, янги президент Жо Байден маъмурияти учун Вашингтон ҳамда Теҳрон ўртасидаги чигалликни ечиш осон бўлмаслигини кўрсатмоқда.

С.Салим
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)