15:20 / 06.12.2020
2 551

Тоғли Қорабоғда Туркия-Россия қўшма маркази қандай тузилади: томонлар нега тафсилотларни очиқламаяпти?

Тоғли Қорабоғда Туркия-Россия қўшма маркази қандай тузилади: томонлар нега тафсилотларни очиқламаяпти?
Фото: Getty Images
9 ноябрда Тоғли Қорабоғда имзоланган сулҳ битимидан сўнг, Россия ва Туркия сулҳ битими ижросини кузатиб бориш учун қўшма марказ ташкил этишга келишиб олди.

11 ноябрь куни эса Туркия билан Россия ўртасида Туркия-Россия қўшма марказини ташкил этиш тўғрисида битим имзоланди, бироқ мунозаралар ҳали ҳам давом этаётгани сабабли, бу масала бўйича ҳеч қандай тафсилот очиқланмади.

Музокаралар 1 декабрда якунланди. Икки мамлакат мудофаа вазири ўринбосарлари имзо чеккач, марказни ташкил этиш жараёни бошланди.
27 сентябрь куни Тоғли Қорабоғда бошланган урушга якун ясаган сулҳ битимидан сўнг ушбу марказ ҳақида Туркия ва Россия турли баёнотлар берди.

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев сулҳ битимининг 5-моддасида баён этилгани каби тинчликни сақлаш марказида Россия билан бир қаторда Туркия ҳам бўлишини очиқлади.

Анқарадан ҳам шунга ўхшаш баёнотлар келди. Бироқ музокаралар давом этаётгани сабабли турк аскарларининг иштироки қандай бўлиши ҳали аниқ эмаслиги билдирилди. Москва эса музокаралар пайтида «турк аскарлари майдонда бўлмаслиги»ни таъкидлади.

«Тарафларнинг келишув шартларига риоя қилиши устидан назорат самарадорлигини ошириш мақсадида тинчликни сақлаш маркази ташкил этилади», дейилган 5-моддада.

5-моддага биноан имзоланган Туркия-Россия қўшма маркази ҳақида нималар маълум?
«Туркия-Россия қўшма марказининг ташкил этилиши ва унинг вазифаларига оид техник тафсилотлар бўйича олиб борилган музокаралар якунланди, меморандум имзоланди. Марказни энг қисқа вақт ичида фаоллаштириш учун зарур ишлар амалга оширилмоқда», дейилади Туркия Миллий мудофаа вазирлигининг 1 декабрдаги баёнотида.

«У ерда бизнинг қўшма кузатув марказини ташкил этишимиз учун хат-ҳужжатларда ҳеч қандай тўсиқ қолмади. Ҳозир ҳудудни ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда. Қисқа фурсатлар ичида у ерда дўстларимиз ўз вазифаларини адо этадилар. Туркия ва Россия зобитлари у ерда бирга ишлашади ва улар сулҳга риоя қилинишини таъминлашади, сулҳнинг доимий кучда қолиши учун ҳаракат қилишади», деди Туркия Миллий Мудофаа вазири Ҳулуси Акар.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳам 9-10 декабрь кунлари Бокуга ташриф буюришни режалаштирмоқда. Озарбойжон расмийларининг BBC турк хизматига маълум қилишича, ушбу ташриф марказ фойдаланишга топширилиши режалаштирилган санага тўғри келмоқда.

Туркия-Россия қўшма маркази қаерда ташкил этилади?
Эрдўғаннинг таъкидлашича, «ушбу марказ Озарбойжоннинг ишғолдан озод қилинган ҳудудларида ташкил этилади», аммо айнан қаерда – бунга Озарбойжон қарор беради.

Кремль эса ушбу марказ Тоғли Қорабоғ минтақасида бўлмаслигини ва турк аскарлари бу ҳудудга кирмаслигини билдирганди.
Ушбу икки масала Туркия ва Россия ўртасидаги келишмовчилик келтириб чиқаргани туфайли музокаралар бир ойга яқин давом этди.

Рус манбаларининг BBC рус хизматига билдиришича, марказ Тоғли Қорабоғ чегарасига «жуда яқин» ва Озарбойжон билан бевосита боғлиқ бўлган ҳудудда жойлашади. Илгари ҳарбий база сифатида ишлатилган, аммо тўқнашувларда зарар кўрган бино қайта тикланади ва марказ шу ерда ташкил этилади.

Озарбойжоннинг икки расмийси таъкидлашича, музокараларда Ганжа ва Берде ҳудуди номзод сифатида илгари сурилган, аммо Туркия Тоғли Қорабоғдан узоқ масофада жойлашган Ганжага эътироз билдирган. Гарчи расмий эълон қилинмаган бўлса-да, марказни Тоғли Қорабоғдан 15 километр узоқликда жойлашган Бердеда ташкил этиш режалаштирилган.

Туркия ҳарбий манбалари ушбу маълумотни тасдиқламади. Уларнинг таъкидлашича, «шартнома шартларига кўра, марказнинг жойлашув нуқтаси ҳақида маълумот берилиши мумкин эмас».

AFP
Турк аскарларининг роли қандай бўлади?
Келишув шартларига мувофиқ, ҳар икки томон ҳам расмий баёнотларда ушбу масала бўйича маълумот беришдан тийилишмоқда. Бироқ Россия хавфсизлик манбалари ушбу марказ бир йил давомида хизмат қилишини, Анқара ва Боку эса шартномада вақт билан боғлиқ муддатлар йўқлигини айтмоқда.

Туркиялик аскарларнинг Қорабоғга кириш-кирмаслиги эса 11 ноябрдан бери музокаралар кун тартибидаги энг муҳим масалалардан бирига айланди.

Анқара ушбу масалани «савдолашув» мавзуси сифатида кун тартибида тутган бўлса-да, Москва турк аскарларининг ҳатто қўшма патрул учун ҳам соҳага кирмаслигини талаб қилиб туриб олди.

Гарчи келишув тафсилотлари ошкор қилинмаган бўлса ҳам, Россия хавфсизлик хизмати ходимининг сўзларига кўра, руслар ортга қадам ташламади ва турк аскарлари фақат штабда хизмат қилиши кераклиги тўғрисида келишиб олинди.

Озарбойжон президент аппаратининг бир ходими турк ҳарбийларининг соҳага кирмаслиги ва қўшма патрул хизматлари ўтказилмаслиги, аммо марказда хизмат қиладиган турк ва рус аскарлари «технологик имкон, учувчисиз ҳаво воситалари»ни қўллаган ҳолда сулҳга риоя қилинишини кузатиб боришини таъкидлади.

Тоғли Қорабоғ чегараларидаги қуролланган арман гуруҳлари қуролсизлантирилишини ҳам турк ва рус зобитлари ушбу марказ орқали кузатиб боради. Анқарадаги ҳарбий манбалар ҳам ушбу маълумотни инкор этмади.

Озарбойжон расмийлари эса ушбу марказда Туркия ҳарбийлари ҳам бўлиши, соҳадаги маълумотларга технологик имконлар билан эришиши ва Россия билан биргаликда ушбу маълумотни таҳлил қилишини, шунингдек, «Жанубий Кавказ сиёсатида Туркия ҳам сўз соҳиби бўлиши»ни таъкидламоқда; икки мамлакат ўртасидаги ҳарбий келишувлар эслатилмоқда: «Тоғли Қорабоғ чегара чизиғида ёки боғланиш йўлларида фақат Россия аскарлари бўлади. Туркия эса муҳожирларнинг ортга қайтиши ва арманларнинг қуролсизланиш ҳолатини қўшма марказлар орқали кузатиб боради. Аммо келгусида икки томонлама келишувларга кўра, Туркияга бошқа соҳаларда турли вазифалар берилиши мумкин».

Ўз навбатида Туркия ҳам Озарбойжонни қўллаб-қувватлашини билдирмоқда. «Озарбойжонлик биродарларимиз билан машғулот ва машқлар устида ишлашда давом этамиз. Биз бу масалаларда биродарларимизга қўлимиздан келганча ёрдам берамиз ва ҳақли даъволарида уларнинг ёнида турамиз», деди шартнома имзоланиши ортидан баёнот берган Туркия мудофаа вазири Ҳулуси Акар.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Тоғли Қорабоғда Туркия-Россия қўшма маркази қандай тузилади: томонлар нега тафсилотларни очиқламаяпти?