08:38 / 21.12.2020
2 521

Буюк Британиянинг ортидан яна бир қатор мамлакатларда коронавируснинг янги варианти аниқланди

Буюк Британиянинг ортидан яна бир қатор мамлакатларда коронавируснинг янги варианти аниқланди
Фото: Meduza
Буюк Британияда коронавируснинг янги варианти аниқланди — дастлабки маълумотларга кўра, у одатдаги коронавирусдан 70 фоизга юқумлироқ, лекин ундан-да хавфлироқ эмас. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Борис Жонсон маълум қилди.

Инфекциянинг янги штамми аниқлангани муносабати билан Англия жануби-шарқида, хусусан, Лондонда 20 декабрдан эътиборан чекловларнинг юқори, тўртинчи даражаси жорий этилди, ҳозирча бу тартиб яқин икки ҳафта амалда бўлади. Унга кўра, маҳаллий аҳоли ўта заруратсиз уйдан чиқиши, шунингдек, Янги йил байрамига тантаналарига бир неча оила бўлиб тўпланиши мумкин эмас. Хавфнинг тўртинчи даражаси эълон қилинган ҳудудларда фақат дорихоналар ва биринчи зарурат дўконлари ишлайди. Худди шундай чекловлар 20 декабрдан Уэльсда, 26 декабрдан эса Шотландияда ҳам жорий этилади. Янги чекловлар ҳақида эълон қилиниши билан лондонликлар шаҳарни оммавий тарзда тарк эта бошлади, дея хабар бермоқда Sky News.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 20 декабрь куни Британияникига ўхшаш коронавирус Нидерландия, Дания ва Австралияда ҳам аниқланганини эълон қилди. Аввалроқ Жанубий Африка Республикаси (ЖАР)да ҳам ўхшаш мутациядаги вирус топилгани ҳақида хабар берилган эди. Вируснинг янги варианти ҳозирги вакциналар ҳосил қиладиган иммунитетдан кучлироқ бўлиши мумкин, деган тахминлар учун ҳозирча бирор бир асос йўқ. Буюк Британия 8 декабрь куни Ғарб мамлакатлари орасида биринчилардан бўлиб коронавирусга қарши Pfizer ва BioNTech компаниялари томонидан ишлаб чиқилган дори воситаси билан оммавий вакцинация қилишни бошлаган эди.

Европанинг бир қатор мамлакатлари — Нидерландия, Бельгия, Австрия ва Италия кабилар Буюк Британия билан авиақатновларни тўхтатишини эълон қилиб улгурди. Ирландия, Франция ва Германия, шунингдек, Исроил ҳам шундай қарор қабул қилиш масаласини кўриб чиқмоқда. Билд нашри маълумотларига кўра, Германия канцлери Ангела Меркель Европа Иттифоқидаги ҳамкасблари билан Буюк Британиядан Евроиттифоққа парвозларни 20 декабрь оқшомидан то 2021 йил 6 январигача мувофиқлаштирилган ҳолда тақиқлаш бўйича келишишни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи ва ЖАР ўртасидаги авиақатновлар чекланиши, Буюк Британия билан темир йўл ва паром алоқаси ҳам тўхтатилиши мумкин, дея ёзмоқда Meduza.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Буюк Британиянинг ортидан яна бир қатор мамлакатларда коронавируснинг янги варианти аниқланди