11:09 / 04.01.2021
2 994

АҚШ расмийлари COVID-19 ни тарқатган эҳтимолий манба номини айтди

АҚШ расмийлари COVID-19 ни тарқатган эҳтимолий манба номини айтди
Метю Поттингер (чапда).
Фото: Daily Mail

Коронавирус инфекцияси катта эҳтимол билан Хитойнинг Ухань шаҳридаги лабораториядан сизиб чиққан — касаллик манбаси ҳақидаги тахминлар орасида энг ишончга сазовори шу, дейди АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Метю Поттингер.

«Лаборатория вируснинг эҳтимолий манбаси эканини тасдиқловчи далиллар борган сари кўпайиб бормоқда», — деди Поттингер. Унинг таъкидлашича, вирус лабораториядан фавқулодда ҳодиса сабаб «қочиб чиққан» бўлиши мумкин. Бироқ АҚШ президенти маслаҳатчиси ўринбосари ўзининг бу тахминини тасдиқловчи бирор далилни тақдим этмаган.

Daily Mail нашрининг аниқлик киритишича, Поттингер бу баёнотни коронавирус пандемиясининг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш мақсадида Уханга учиб кетадиган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) экспертларининг тайёргарлиги билан боғлиқ анжуман давомида берган.

Конференция иштирокчиларидан бири, консерваторлар партиясининг собиқ етакчиси Иан Дункан Смитнинг изоҳлашича, Поттингернинг бу баёноти вирус лабораториядаги сизиш оқибатида пайдо бўлгани ҳақидаги назария бўйича АҚШнинг позицияси янада «қатъийлашгани»ни билдиради. Унинг айтишича, америкаликлар бу маълумотни Ухандаги институтда ишлайдиган манбадан олган.

АҚШ президенти Дональд Трамп 2020 йил май ойи бошида берган баёнотида Хитой расмийларини касаллик тарқалишининг бошланғич даврида коронавирусга доир маълумотларни яширишда айблаган эди. Ўшанда Америка етакчиси вирус Ухандаги лабораторияда сунъий яратилганини тасдиқловчи далиллари борлиги ҳақида гапирган эди.

Бироқ АҚШ Давлат департаментининг Разведка ва тадқиқотлар бюроси далиллар йўқлиги учун бу версияни тасдиқламаган. Хитой эса Трампнинг айбловларига жавобан коронавирус лабораторияда ўйлаб топилганини рад этувчи ЖССТ хулосаларини кўрсатиб ўтган эди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ расмийлари COVID-19 ни тарқатган эҳтимолий манба номини айтди