14:30 / 14.01.2021
636

ЖССТ делегацияси коронавируснинг келиб чиқишини текшириш мақсадида Уханга етиб келди

ЖССТ делегацияси коронавируснинг келиб чиқишини текшириш мақсадида Уханга етиб келди
Фото: Getty Images
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тадқиқот гуруҳи коронавируснинг келиб чиқиш сабабини аниқлаш учун Уханга етиб келди, деб хабар беради «Коммерсантъ». 10 кишидан иборат жамоа Хитой ҳукумати раҳбари Си Цзиньпин томонидан бир неча ойлик дипломатик баҳслардан сўнг маъқулланган.

ЖССТ гуруҳи таркибидан АҚШ, Австралия, Германия, Япония, Буюк Британия, Россия, Нидерландия, Қатар ва Вьетнамдан бўлган вирусолог ва экспертлар ўрин олган. Олимларнинг тахминича, вирус одамларга Хитой жануби-ғарбидаги кўршапалаклар ёки бошқа ҳайвонлардан юққан бўлиши мумкин. ЖССТ томонидан эълон қилинган дастурга кўра, айрим сиёсатчилар таъкидлаганидек, олимларда Ухань лабораториясида коронавируснинг тасодифий тарқалишини баҳолаш бўйича режа йўқ.

Агентликнинг қайд этишича, бир маротаба амалга ошириладиган ташриф вируснинг пайдо бўлишини тасдиқлаш учун етарли бўлмайди, чунки касалликнинг ҳайвонлардан тарқалишини аниқлаш узоқ йиллик тадқиқотларни талаб қилади.

SARS-CoV-2 коронавируси биринчи бор 2019 йилнинг декабрида Уханда аниқланган эди. Шундан сўнг вирус бутун дунё бўйлаб тарқалган. 2020 йилнинг мартида ЖССТ COVID-19 тарқалишини пандемия деб эълон қилганди.

Аввалроқ АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Мэттью Поттингер коронавирус инфекцияси катта эҳтимол билан Хитойнинг Ухань шаҳридаги лабораториядан сизиб чиққани — касаллик манбаси ҳақидаги тахминлар орасида энг ишончга сазовори шу эканини айтган эди.

АҚШ президенти Дональд Трамп 2020 йил май ойи бошида берган баёнотида Хитой расмийларини касаллик тарқалишининг бошланғич даврида коронавирусга доир маълумотларни яширишда айблаган эди. Ўшанда Америка етакчиси вирус Ухандаги лабораторияда сунъий яратилганини тасдиқловчи далиллари борлиги ҳақида гапирган эди.

Бироқ АҚШ Давлат департаментининг Разведка ва тадқиқотлар бюроси далиллар йўқлиги учун бу версияни тасдиқламаган. Хитой эса Трампнинг айбловларига жавобан коронавирус лабораторияда ўйлаб топилганини рад этувчи ЖССТ хулосаларини кўрсатиб ўтган эди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)