11:05 / 17.01.2021
2 134

Қирғизистондаги президент сайловининг расмий натижалари эълон қилинди

Қирғизистондаги президент сайловининг расмий натижалари эълон қилинди
Фото: «РИА Новости»
Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси мамлакатда бўлиб ўтган президентлик сайловининг 100 фоиз бюллетенларини ҳисоблаб чиқди. Унга кўра, сайловларда Садир Жапаров 79,23 фоиз овоз билан ғолиб бўлди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар қилди.

Мухолифат номзоди Адахан Мадумаров 6,79 фоиз овоз билан иккинчи ўринни эгаллади. 2,35 фоиз билан учинчи ўринни тадбиркор Бобур Тўлбоев эгаллади.

Сайловларда сайловчиларнинг умумий фаоллиги 39,34 фоизни ташкил этди.

1 фоиз ва ундан кўпроқ овоз олган номзодлар орасида собиқ журналист Арстанбек Миктибек (1,69 фоиз), республика Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раҳбари Абдил Сегизбаев (1,45 фоиз), тадбиркор Имомидин Ташов (1,18 фоиз) ҳамда «Ислоҳот» мухолифат сиёсий партияси раҳбари Клара Сооронқулова (1 фоиз) бор.

Қолган 10 номзод 1 фоиздан ҳам кам овоз олган. Сайловчиларнинг 1,34 фоизи «ҳаммага қарши» овоз берган.

Комиссия матбуот хизматининг «Интерфакс»га хабар беришича, Марказий сайлов комиссияси овоз беришнинг расмий натижаларини 24 январгача эълон қилиши керак, шундан сўнг янги давлат раҳбарининг инаугурация маросими бўлиб ўтади. Натижалардан норози бўлган номзодлар сайлов кунидан кейинги 14 кун ичида эътироз билдириши мумкин.

Мамлакат раҳбарининг муддатидан олдин сайловлари билан биргаликда Қирғизистонда бошқарув шакли бўйича референдум ўтказилди. 100 фоиз бюллетенларни қўлда ҳисоблаш натижасида сайловчиларнинг 84,11 фоизи президентлик бошқарув шакли учун овоз берган, 11,27 фоиз сайловчилар парламентар республикасини танлаган, 4,62 фоиз ​​сайловчилар «ҳаммасига қарши» овоз берган.

Маълумот учун, Қирғизистондаги президент сайлови муддатидан аввал ўтказилди — бу сайловнинг ўтказилиши 2020 йил октябрида, парламент сайловларидаги эҳтимолий қоидабузарликлар сабаб бошланган тартибсизликлар туфайли аввалги давлат раҳбари Сўронбой Жээнбеков истеъфо бергач эълон қилинган эди.

Садир Жапаров октябрдаги тўполонларга қадар тартибсизликлар келтириб чиқаришда айбланиб, 10 йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган эди. Намойишчилар босими остида у қамоқдан озод қилинди, эртасига эса парламент томонидан бош вазир этиб тайинланди. Жээнбековнинг истеъфосидан кейин эса у президент вазифасини бажарувчига айланган эди. У сайловларда қатнашиш учун мамлакат раҳбари вазифасини бажарувчи ваколатларини 15 ноябрь куни топширди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қирғизистондаги президент сайловининг расмий натижалари эълон қилинди