23:56 / 20.01.2021
1 323

Байден АҚШ президенти сифатида илк марта нутқ сўзлади

Байден АҚШ президенти сифатида илк марта нутқ сўзлади
Фото: Getty Images
Жо Байден Вашингтондаги инаугурация маросимида АҚШнинг 46-президенти сифатида нутқ ирод қилди. Унинг сўзлари The Guardian томонидан келтирилган.

Дастлаб у АҚШ Олий суди раиси Жон Робертс гувоҳлигида қасамёд қилган: «Мен, Жозеф Робинет Байден, тантанали равишда Америка Қўшма Штатлари президенти вазифаларини сидқидилдан бажаришга ва Америка Қўшма Штатлари Конституциясини қўлимдан келганича сақлашга ва ҳимоя қилишга қасамёд қиламан. Ва Худо менга ёрдам беради».

«Бу Американинг куни. Бу демократия куни», — деган Байден ўз нутқи аввалида. Он январ ойи бошида Капитолийга қилинган ҳужумни эслаган ва бу ҳодиса америкача демократия аҳамиятини кўрсатганини таъкидлаган. «Биз яна бир бора демократия қадрли эканини билиб олдик. Бу соатларда, менинг дўстларим, демократия тантана қилмоқда», — деган Байден.

Ўз нутқи давомида Байден АҚШ аҳолиси оқлар устунлигига қарши туриши кераклигини таъкидлаган — у инаугурация маросими вақтида бу мавзуни тилга олган илк президент бўлгани айтилмоқда.

Шунингдек, Байден Дональд Трампнинг тўрт йиллик президентлигидан кейин яна бирлашиш вақти келганини айтган. «Бирлик — бу олдинга йўлдир», — дея қайд этган у. Байден ўзининг бирлик ҳақидаги сўзлари кимлар учундир «аҳмоқона фантазия» бўлиб кўриниши, аммо америкаликларни ажратиб юборган кучлар, «чуқур ва ҳақиқий» эканини таъкидлаган.

Байден коронавирус пандемияси мавзусига ҳам тўхталган. У америкаликлар мураккаб, «синов даври»ни бошдан кечираётганини таъкидлаган. Президент АҚШ аҳолиси бирдам бўлиб, пандемияни енгиб ўта олишига ишонч билдирган.

Байден 21 дақиқа давомида сўзлаган. Таққослаш учун: Дональд Трампнинг 2017 йилдаги нутқи 17 дақиқа, Обаманинг 2009 ва 2013 йиллардаги нутқлари 19 дақиқадан давом этганди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Байден АҚШ президенти сифатида илк марта нутқ сўзлади