10:08 / 01.02.2021
2 248

Мьянмада ҳарбийлар ҳокимиятни эгаллаб олди ва бир йилга фавқулодда ҳолат эълон қилди

Мьянмада ҳарбийлар ҳокимиятни эгаллаб олди ва бир йилга фавқулодда ҳолат эълон қилди
Мин Аун Хлаин
Фото: Global Look Press

Мьянмада президент ва давлат маслаҳатчиси қўлга олинди, шундан кейин мамлакат Қуролли кучлари бир йилга фавқулодда ҳолат эълон қилди. Бу ҳақда Армия телевидениесига таяниб, Xinhua хабар бермоқда.

Reuters ёзишича, ҳарбийлар ҳокимият Қуролли кучлар бош қўмондони Мин Аун Хлаин қўлига ўтишини эълон қилган. Уларнинг сўзларига кўра, президент Вин Мьин ва давлат маслаҳатчиси (унинг лавозими ҳукумат раҳбарига тенг), ҳукмрон «Демократия учун миллий лига» партияси етакчиси Аун Сан Су Чжи ноябрда бўлиб ўтган сайловлардаги фирибгарликларга жавобан қўлга олинган.

Президент ва давлат маслаҳатчиси қўлга олингани ҳақида «Демократия учун миллий лига» вакили Мио Ньюнт маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, 1 февраль куни эрталаб партиянинг бошқа юқори мансабли вакиллари ҳам ушланган. Ўшандаёқ Ньюнт гап ҳарбий тўнтариш ҳақида бориши мумкинлигини тахмин қилганди.

Қўлга олинганлар орасида партия Марказий ижроия қўмитаси аъзолари, депутатлар ва ҳукумат аъзолари бор, деб хабар қилади Associated Press. Агентлик маълумотларига кўра, Аун Сан Су Чжи уй қамоғида сақланмоқда.

Айни пайтда Мьянма пойтахти Нейпьидода интернет ва телефон алоқаси ишламаяпти.

АҚШ ҳукумати Мьянмада Аун Сан Су Чжи ва бошқа мансабдорлар қўлга олингани юзасидан хавотир билдирди. Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки маълум қилишича, Вашингтон мамлакатда яқинда бўлиб ўтган сайловлар натижасини ўзгартириш бўйича ҳар қандай уринишларга қарши чиқади.

У, шунингдек, мьянмалик ҳарбийларни қўлга олинганларни озод қилишга чақирди ва чоралар қўллаш билан таҳдид қилди.

Ноябрдаги сайловларда «Демократия учун миллий лига» 476 та ўриндан 396 тасини қўлга киритиб, ғалаба қозонган эди. Бу партияга яна беш йилга ҳукуматни шакллантириш имкониятини берганди. Ҳарбийлар томонидан қўллаб-қувватланадиган Бирдамлик ва иттифоқ тараққиёти партияси эса 33 та ўринга эга бўлган. Ҳарбийлар қалбакилаштириш ҳолатларидан шикоят қилди ва Олий судда натижалар юзасидан баҳслашди, сайлов комиссияси эса фирибгарлик далилларини топмади.

Ўтган ҳафта Мьянма Қуролли кучлари бош қўмондони қонунлар тегишлича бажарилмаса, конституция бекор қилиниши мумкинлигини маълум қилгач, мамлакатдаги сиёсий кескинлик ошиб кетди. Кейинроқ Мьянма ҳарбийлари бош қўмондон давлат тўнтариши уюштириш билан таҳдид қилганини рад этди. Улар ОАВлар унинг гапларини нотўғри талқин қилганини билдирди.

Мьянмада ҳарбийлар 1962 йилдан 2011 йилга қадар ҳокимиятни бошқарган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Мьянмада ҳарбийлар ҳокимиятни эгаллаб олди ва бир йилга фавқулодда ҳолат эълон қилди