20:51 / 13.02.2021
1 441

Оқ уй Жо Байденнинг Гуантанамодаги қамоқхонани ёпмоқчи эканлигини тасдиқлади

Оқ уй Жо Байденнинг Гуантанамодаги қамоқхонани ёпмоқчи эканлигини тасдиқлади
Фото: The New York Times
АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Кубанинг Гуантанамо шаҳрида жойлашган ҳарбий базадаги қамоқхонани ёпмоқчи эканлиги ҳақидаги хабарларни тасдиқлади. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки берган маълумотга таяниб, «РБК» хабар берди.

Байденнинг президентлик муддати тугагунга қадар қамоқхона ёпиладими ёки йўқми деган саволларга матбуот котиби: «Бу бизнинг мақсадимиз ва ниятимиз» — деб жавоб берди.

АҚШ Мудофаа вазирлиги вакили Жон Кирбининг сўзларига кўра, қамоқхонанинг ёпилишини вазирлик раҳбари Ллойд Остин ҳам қўллаб-қувватлаб, ушбу жараёнда шерик бўлишни режалаштирмоқда.

Reuters манбаларига кўра, яқин ҳафта ёки ойларда Байден қамоқхона тақдирини қайта белгилайдиган ҳужжатни имзолайди. Аммо объектнинг дарҳол ёпилиши кутилаётгани йўқ.

Гуантанамо ҳарбий базасидаги халқаро террорчилар жазони ўтайдиган қамоқхона АҚШнинг собиқ президенти Жорж Буш томонидан 2001 йилдаги 11 сентябрь терактларидан сўнг терроризмда айбланган жиноятчиларни жазога маҳкум қилиш учун очилган. 2003 йилда Гуантанамодаги қамоқхонада деярли 700 нафар маҳбус жазони ўтаган.

Собиқ президент Барак Обаманинг 2008 йилдаги биринчи сайлов кампаниясидаги асосий сайловолди ваъдаларидан бири мазкур қамоқхонани ёпиш бўлганди. Кейинчалик Обама унинг бирорта таклифи Конгресс томонидан маъқулланмаганини айтган. Обаманинг сўзларига кўра, 2016 йилда қамоқхона учун 445 миллион доллар сарфланган, собиқ президент буни пулни беҳуда исроф қилиш деб атаган.

Дональд Трамп ушбу қамоқхонадаги маҳбусларни ўта хавфли деб атаган ва 2018 йилнинг январида қамоқхонани сақлаб қолиш ҳақида фармон имзолаган. БМТ маълумотига кўра, ҳозир Гуантанамода 40 нафар маҳбус бор, улардан фақат тўққиз нафари судланган ёки айбдор деб топилган. Ҳуқуқ ҳимоячилари ушбу объектни ёпишни талаб қилмоқда.

Аввалроқ Жо Байден АҚШ қандай вазиятда ҳарбий кучдан фойдаланишини маълум қилганди. Президент олий бош қўмондон сифатида Америка халқи ва АҚШ иттифоқчиларининг ҳаётий муҳим манфаатларини ҳимоя қилиш учун куч ишлатишдан тортинмаслигини қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, Байден президентликнинг биринчи куниёқ Трампнинг энг баҳсли фармонларини бекор қилди. Хусусан, мусулмон мамлакатлар аҳолиси учун чекловни олиб ташлади, Мексика билан чегарада девор қурилишини тўхтатди, АҚШга баъзи ночор мамлакатлар фуқароларининг киришига рухсат берди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Оқ уй Жо Байденнинг Гуантанамодаги қамоқхонани ёпмоқчи эканлигини тасдиқлади