09:39 / 23.02.2021
696

Венесуэла президенти автобус ҳайдовчилигига қайтмоқчи эканини айтди

Венесуэла президенти автобус ҳайдовчилигига қайтмоқчи эканини айтди
Николас Мадуро. Фото: EPA
Венесуэла президенти Николас Мадуро бир куни шаҳар автобус ҳайдовчиси касбига қайтиш умиди борлигини айтди. Бу ҳақда Tengrinews хабар берди.

«Умид қиламанки, бир куни президентлик лавозимидан кетганимда, мен ушбу соҳага бошимни тик тутганча, униформам билан қайтиб бораман, автобус миниб кўчага чиқаман ва Венесуэла халқига оддий ишчи сифатида хизмат қиламан», — деди президент VTV канали эфирида намойиш этилган транспорт соҳаси ишчилари билан учрашувда.

Николас Мадуро ўрта маълумотни анча улғайган ёшида олган: у норозилик намойиши уюштиргани учун мактабдан ҳайдалган. Ўсмирлик давридаёқ сўл партия фаоли эди, кейинчалик автобус ҳайдовчиси ва Каракас метроси ишчиларининг касаба уюшмаси аъзоси бўлди. Кубада чап сиёсатчиларни тайёрлашга ихтисослашган Гавана мактабида олган таълими ватанидаги сиёсий карьерасига пойдевор бўлди.

Мадуро бўлажак президент ва социалистлар етакчиси Уго Чавес билан 1990 йилларнинг бошида тўнтариш ташаббусининг муваффақиятсизликка учрашидан сўнг яқиндан танишиб қолди, унинг партияси аъзосига айланди ва 1998 йилда республика конгресси депутати этиб сайланди. 2005 йилда Миллий ассамблея спикери, 2006 йили эса Уго Чавес ҳукуматининг ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллади. Саратон касаллигидан вафот этишидан бир неча ой олдин, 2012 йил декабрь ойида Чавес фуқароларга бўлажак президентлик сайловларида Мадуронинг номзодини қўллаб-қувватлашни сўраб мурожаат қилди.

Николас Мадуро 2013 йил апрель ойида Венесуэла президенти лавозимини эгаллади. 2019 йил бошида президент Николас Мадуронинг қасамёдидан кўп ўтмай, унга қарши катта норозилик намойишлари бошланди. Қўшма Штатлар бошчилигидаги бир қатор Ғарб давлатлари Венесуэла парламенти спикери Хуан Гуайдони президент сифатида тан олишини эълон қилди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)