21:57 / 25.02.2021
1 067

Россияда «Спутник V» вакцинасининг нархи икки баравар пасайтирилди

Россияда «Спутник V» вакцинасининг нархи икки баравар пасайтирилди
Фото: Reuters
Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинасининг корхонада белгиланган максимал баҳосини икки бараварга пасайтирди. Илгари вакцинанинг иккита компоненти нархи 1942 рубль (278 743,80 сўм)ни ташкил қилган бўлса, эндиликда у 866 рубль 81 копейка (124 474,46 сўм) этиб белгиланди, деб ёзмоқда «Коммерсантъ».

«Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги ‘Спутник V’ вакцинасининг корхонада белгиланган максимал нархини қайта рўйхатдан ўтказди, энди у иккита компонент учун 866 рубль 81 копейкани ташкил этади. Қўшимча қиймат солиғи бундан мустасно», — дейилади ҳукумат веб-сайтидаги хабарда.

Саноат ва савдо вазири Денис Мантуровнинг сўзларига кўра, вакцина ишлаб чиқариш технологияларини оптималлаштириш ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш орқали нархни пасайтиришга эришилди. «Шуни таъкидлашни истардимки, рўйхатдан ўтказилган максимал корхона нархи фақат Россиянинг кенг миқёсли давлат иммунизация дастурларида фойдаланиладиган вакцинага тегишли»,— деди у.

Гамалея марказида ишлаб чиқариладиган «Спутник V» вакцинаси аҳолини коронавирусга қарши эмлаш учун қўлланилади. 2020 йил август ойида ушбу препарат COVID-19’га қарши қўллаш учун дунёда биринчи бўлиб рўйхатдан ўтказилган.

Маълумот учун, «Спутник V» вакцинаси Венгрия, Ливан, Серб Республикаси, Жазоир, Аргентина, Беларусь, Боливия, БАА, Сербия, Парагвай, Венесуэла, Мўғулистон, Покистон, Туркманистон, Фаластин ва Эрон ва бошқа бир қатор мамлакатларда фойдаланиш учун тасдиқланган.

Шунингдек, Ўзбекистонда «Спутник V» вакцинасини учинчи босқич клиник синовлари натижалари асосида сертификатлаштирилган ҳолда оммавий қўллашга рухсат берилган. Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш март ойининг биринчи ярмида бошланиши маълум қилинган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Россияда «Спутник V» вакцинасининг нархи икки баравар пасайтирилди