16:23 / 27.02.2021
2 083

«Мендан кейин бирорта фарзандим президент бўлмайди» - Александр Лукашенко

«Мендан кейин бирорта фарзандим президент бўлмайди» - Александр Лукашенко
Виктор Лукашенко / Фото: AP
Александр Лукашенко Беларус Миллий олимпия қўмитасини деярли 24 йил давомида бошқарди. Мухолифат республика раҳбарининг тўнғич ўғли МОҚ президенти лавозимига сайланганидан сўнг Халқаро олимпия қўмитаси янги санкциялар киритиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Беларус раҳбари Александр Лукашенконинг тўнғич ўғли Виктор республика Миллий олимпия қўмитаси (МОҚ) президенти лавозимида отасини алмаштирди. Бу ҳақда «БелТА» давлат ахборот агентлиги 26 феврал куни маълум қилди. Лукашенко МОҚни 1997 йил май ойидан буён бошқариб келаётганди, унинг катта ўғли эса 2019 йилнинг ноябридан буён МОҚнинг биринчи вице-президенти саналади.

Ижтимоий тармоқларда Беларус Миллий олимпия қўмитасида ташкилот президентлигига сайловлар бўлиб ўтгани тасвирланган видео тарқалди. Унда МОҚ раҳбарлигига Александр Лукашенко ва Виктор Лукашенконинг номзоди қўйилганини кўриш мумкин.

«У ҳозирдан мен билан рақобатлашяптими? Агар икки номзод бўлса, демак рақобат», деди Александр Лукашенко

Ўз навбатида, «БелТА» давлат ахборот агентлиги ҳам тадбирдан лавҳалар эълон қилди. Унда Лукашенко қатор масалалар бўйича фикр билдирганини кўриш мумкин.

«Агар икки номзод таклиф этилаётган бўлса, бу мен учун янгилик. Мен навбатдаги муддатга сайланишни режалаштирмагандим. Сизларга ўғлимни топшираман. Ваъда бераманки, ўғрилик, коррупция, пул маблағларидан ноқонуний фойдаланиш бўлмайди. Спортчилар ва мураббийларга муносабат жуда яхши бўлади. Мен барибир спорт масаласидан четлашмайман. Бу ерда ҳеч ким, ҳатто олимпия чемпионлари ҳам мен каби спортни севмайди.

Ўйлайманки, сизлар учун бу фойда бўлади. Ўғил отага у ёки бу муаммо ҳақида айтишга ҳар доим имкон топади. Ўз навбатида, ҳокимиятни ўғлига топшириш масаласи бизнинг оилада ҳеч қачон муҳокама қилинмаган. Беларусда мендан кейин бирорта фарзандим президент бўлмайди. Виктор сайланадиган бўлса, у давлат хизматчиси бўлмайди, бугуноқ президентнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича ёрдамчиси лавозимидан озод этилади
», деди Лукашенко.

Беларус мухолифати Виктор Лукашенконинг ташкилотга раҳбар этиб сайланиши Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) томонидан санкциялар янада кучайтирилишига олиб келиши мумкинлигини билдирди. ХОҚнинг жазо чоралари ҳар икки Лукашенкога нисбатан қўлланилмоқда, деди Инқирозга қарши халқ бошқармаси вакили Вадим Кривошеев. «Ишончим комилки, бу ХОҚ учун нафақат Беларусга қарши санкцияларни узайтириш, балки янада кучайтириш учун сигнал бўлади», дейилади бошқарма Telegram каналидаги хабарда.

Айни пайтда, Александр Лукашенко Беларус мухолифатини қўллаб-қувватлаган спортчиларни хиёнатда айблади. Республика раҳбарининг сўзларига кўра, бир қатор амалдаги ва собиқ спортчилар «халқаро ташкилотларнинг қабулхоналарида ўтириб, бизнинг олимпия ҳаракатимиз ва мамлакатимизга қарши санкциялар сўрамоқда». «Ватанга хиёнат орқали бахтга эришиб бўлмайди», дея қўшимча қилди сиёсатчи.

Беларусда қарийб 7 ойдан бери Александр Лукашенконинг президентлик сайловида ғалаба қозонганига қарши қаратилган оммавий норозилик намойишлари тўхтамаяпти. Намойишчилар расмийларни овозларни сохталаштиришда айбламоқда ва янги, адолатли сайловларни ўтказиш ҳамда сиёсий маҳбусларни озод қилиш, шунингдек, кучишлатар тузилмаларнинг намойишчиларга қарши ўзбошимча ҳаракатларига барҳам беришни талаб қилмоқда. Мухолифат вакиллари ҳокимиятни топшириш учун Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузди, аммо охир-оқибат Мувофиқлаштирувчи кенгаш раёсатининг барча аъзолари ҳибсга олинди ёки чет элга чиқиб кетди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Мендан кейин бирорта фарзандим президент бўлмайди» - Александр Лукашенко