08:00 / 01.03.2021
631

Чехия президенти Путиндан «Спутник V» сўради

Чехия президенти Путиндан «Спутник V» сўради
Чехия президенти Милош Земан Россия президенти Владимир Путиндан «Спутник V» вакциналари етказиб берилиши бўйича кўмак сўради. «Мен жаноб президент Владимир Путинга «Спутник V» вакциналари етказиб берилишида ёрдам кўрсатишини сўраб мактуб ёздим. Прагадаги РФ элчихонасидан олинган маълумотга кўра, яқин вақтлар ичида ушбу вакциналар партияси етиб келади», деган Земан CNN’нинг Прагадаги телеканали Prima News учун берган интервьюсида.

Унинг сўзларига кўра, у бу ташаббусни Чехия бош вазири Андрей Бабиш билан муҳокама қилган. Бош вазир бундан олдинроқ Европа Дори-дармон агентлиги (EMA) россияликлар вакцинасини маъқулламагунча Чехия ҳукумати уни қўлламаслигини айтганди. Айни вақтгача агентлик бу вакцинани фойдаланиш учун тасдиқламаганди.

CNN Prima News учун берган интервьсида Бабиш Чехия ҳукумати энди EMA санкциясини кутмаслигини айтган. Шу билан бирга, Чехия дори-дармонлар агентлиги «ҳужжатлаштириш ишларини ўрганиб чиқиши кераклиги»ни таъкидлаган. «Агар улар уни маъқулламаса, соғлиқни сақлаш вазирлиги истисно қилиши мумкин... ким истаса, эмланади», дея Бабишнинг сўзларини келтирган Reuters агентлиги.

Чехия бош вазири сўзларига кўра, унинг мамлакати Венгриядан ўрнак олиши мумкин, ушбу давлат раҳбари Виктор Орбан хитойликларнинг Sinopharm вакцинаси билан эмланганди, бу вакцина ҳам Евроиттифоқ миқёсида фойдаланиш учун тасдиқдан ўтмаган.

2020 йил декабрида Чехияда BioNTech, Moderna ва AstraZeneca компаниялари вакциналари билан эмлаш ишлари бошланганди. Биринчи босқичда 10,6 миллиондан ортиқ аҳолига эга мамлакатнинг тахминан 650 минг фуқароси эмланган.

Чехияда 1 мартдан янги чеклов чоралари амалда бўлади. Унга кўра, бошланғич мактаблар ҳам масофавий ўқишга ўтади. Аввалроқ ўрта синфлар ва юқори синф ўқувчилари учун ҳам мактаблар ёпилганди.

Полиция кўчаларда навбатчилик қилиб, одамлар тўпланишининг олдини олади ва сабабсиз ҳудудлар орасида ҳаракатланиш тақиқланганидан огоҳлантиради.

Чехия - дунёда коронавирусдан энг жиддий жабр кўрган давлатлардан бири саналади, бу ерда 1,2 млн киши вирусга чалинган, 20 мингдан ортиқ бемор вафот этган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Чехия президенти Путиндан «Спутник V» сўради