08:30 / 01.03.2021
676

Россиялик эпидемиолог COVID-19 мавсумий касалликка айланиши мумкинлигини айтди

Россиялик эпидемиолог COVID-19 мавсумий касалликка айланиши мумкинлигини айтди
Фото: «РИА Новости»
Коронавирус инфекцияси келгуси бир-икки йил давомида мавсумий касалликка айланиши мумкин. Бу ҳақда «Роспотребнадзор» (Россия соғлиқни сақлаш соҳасидаги назорат бўйича федерал хизмати) марказий эпидемиология илмий-тадқиқот институти клиник ва аналитик ишлар бўйича директор ўринбосари Наталья Пшеничная маълум қилди, деб ёзади «РБК».

«COVID-19’да аллақачон мавсумий инфекцияга хос хусусиятлар пайдо бўлишни бошлаган. Бунга 2020 йилнинг кузида касалланишнинг сезиларли даражада ўсгани гувоҳлик бериши мумкин», — деди Пшеничная.

Унинг таъкидлашича, мавсумий респиратор инфекциясининг кўпайиши одатда куз ва баҳорда кузатилади, шунинг учун йилнинг ушбу даврида COVID-19 билан касалланиш сони ҳам кўпайиши мумкин.

Шу билан бирга, Пшеничная дунё аҳолисининг аксарияти COVID-19’га қарши эмланганидан кейин ҳам коронавирус инфекциясининг кўпайиши бир неча йил давомида юз бериши мумкинлигини таъкидлади.

«Мазкур инфекциянинг эпидемик тарқалиши тўхтайди, аммо касалликнинг қайта юзага келиши ва кўпайиши бир неча йил давом этиши мумкин», — деди эпидемиолог.

Шунингдек, ЖССТнинг Россиядаги вакили Мелита Вуйнович ҳам COVID-19 вируси Ер сайёрасида абадий қолиши мумкинлиги, юқори самарали вакцинанинг борлиги эса уни бутунлай йўқ қилиш учун кафолат бермаслигини таъкидлаган. COVID-19 мавсумий касалликка айланади, деб айтиш учун асослар борми, деган саволга жавобан у бундай вариант бўлиши мумкинлигини, аммо узил-кесил жавоб бериш учун бир нечта мавсум давомида кузатув олиб бориш кераклигини билдирди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Россиялик эпидемиолог COVID-19 мавсумий касалликка айланиши мумкинлигини айтди