12:17 / 12.03.2021
715

Мьянма собиқ етакчиси 600 минг доллар пул ва олтинларни ўзлаштирганликда айбланмоқда

Мьянма собиқ етакчиси 600 минг доллар пул ва олтинларни ўзлаштирганликда айбланмоқда
Фото: Reuters
Мьянмада ҳокимият тепасига келган ҳарбийлар мамлакатнинг собиқ етакчиси, давлат маслаҳатчиси Аун Сан Су Чжи ноқонуний равишда 600 минг АҚШ доллари ва ундан бироз кўпроқ бўлган маблағга тенг олтинларни ўзлаштирганликда айблади. Бу ҳақда бригада генерали Зо Мин Туннинг сўзларига асосланиб BBC News хабар қилди. Генерал мазкур гаплари бўйича далил-исбот тақдим этмаган.

Нашрнинг қайд этишича, бу ҳозирча Аун Сан Су Чжига нисбатан эълон қилинган энг жиддий айбловлар бўлиб турибди. Мамлакат президенти Вин Мьин ва яна бир нечта генераллар коррупцияда иштирокчи бўлгани айтилмоқда.

Аввал Мьинни Конституция ҳамда табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш бўйича қонунни бузганликда айблашган, Аун Сан Су Чжи эса ноқонуний равишда экспорт товарларини мамлакатдан олиб чиқиш, портатив радиостанциялардан фойдаланиш ва фавқулодда ҳолатларни бартараф этиш бўйича қонунларни бузганлиги учун жавобгарликка тортилиши тахмин қилинганди.

Маълумот учун, Мьянмада 1 февраль куни президент ва давлат маслаҳатчиси ҳибсга олинган, ҳарбийлар мамлакатдаги сиёсий вазият барқарорлашгунига қадар бир йиллик фавқулодда ҳолат режимини эълон қилганди. Шундан бери Аун Сан Су Чжи номаълум жойга олиб кетилган ва мамлакатда фуқароларнинг норозилик намойишлари давом этиб келмоқда.

Ҳарбийлар Аун Сан Су Чжининг партияси 2020 йил ноябрида сайловларда ғалаба қозонганидан кейин ҳукумат бошқарувини қўлга олган. Улар сайловларда қайд этилган натижаларни тан олишни истамаяпти. БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳарбийлар ҳаракатларини «Мьянмада амалга оширилган демократик ислоҳотларга жиддий зарар етказиш» дея қоралаган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Мьянма собиқ етакчиси 600 минг доллар пул ва олтинларни ўзлаштирганликда айбланмоқда