23:50 / 17.03.2021
1 817

Байден Путинни қотил деб атади ва унга сайловларга аралашгани учун бадал тўлатиш билан таҳдид қилди

Байден Путинни қотил деб атади ва унга сайловларга аралашгани учун бадал тўлатиш билан таҳдид қилди
Фото: АВС
Жо Байден россиялик ҳамкасби Владимир Путин АҚШдаги президентлик сайловларига аралашгани учун жавоб беришини айтди. Олдинроқ АҚШ разведкаси Россия ва Эрон 2020 йилги АҚШ президентлик сайловлари натижасига таъсир қилишга урингани ҳақида ҳисобот эълон қилганди.

«У қилган ишлари учун товон тўлайди», деди Байден АВС телеканалига интервью берар экан. Бироқ Байден Путинни айнан нима кутаётгани ҳақида гапирмади. Шунда журналист кутилмаганда Путин ҳақида яна бир савол берди: «Путинни қотил деб ўйлайсизми?». Бироз ўйланиб турган Байден «Ҳа» деб жавоб берди.

Байденнинг бу интервьюсидан кейин Москва биржаларида доллар ва евронинг курси қимматлай бошлади. Доллар курси 73,71 рубль турганди ва Байденнинг сўзларидан кейин 57,75 копейкага қимматлади. Евро ҳам шунча қимматлади.

Кремлдагилар ҳозирча Байденнинг сўзларига муносабат билдиришмади, лекин Давлат думаси раиси Вячеслав Володин Байден бу гапи билан россияликларни ҳақорат қилганини айтди. «Байден бу сўзлари билан бизнинг фуқароларни ҳақорат қилди. Бу кучсизларнинг талвасаси. Путин – бизнинг президентимиз, шундай экан унга қилинган ҳужум – бизга қилинган ҳужум», деб ёзди Володин ўз каналида.

АҚШ разведкаси ҳисоботи
Сешанба куни АҚШ разведкасининг ҳисоботи эълон қилинган ва унда Эрон ҳамда Россия мамлакатдаги 2020 йилги сайловлар натижасига таъсир қилишга урингани айтилганди. Шунингдек, ҳисоботда ҳеч бир давлат АҚШ сайловлари жараёнида бюллетенларни сохталаштиришга, овоз бериш жараёнида тўғридан тўғри аралаша олишга муваффақ бўлмагани таъкидланган. CNN ўз манбаларига таяниб ёзишича, АҚШ бу баёнот ортидан кейинги ҳафтада Россияга қарши янги санкциялар пакетини эълон қилади.

Разведка ҳисоботига кўра, АҚШ бу гал 2016 йилда бўлгани каби сайловчиларни рўйхатга олиш ва бюллетенларни ҳисоблашга аралашмаган, лекин Трампнинг имкониятларини ошириш учун дезинформация ишларини олиб борган. Ҳисоботда айтилишича, Путин Байденнинг имкониятларини пасайтириш бўйича шахсан ўзи кўрсатма берган. Россиянинг Вашингтондаги элчихонаси бу ҳисоботни асоссиз деб атади.

Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Россия АҚШнинг 2016 ва 2020 йилги сайловларига аралашмагани, ҳар икки айблов санкциялар учун баҳона эканини таъкидлаган.

«Мен сизни биламан...»
Байден АВС телеканалига берган интервьюсида Путин билан телефон орқали суҳбати тафсилотлари билан ўртоқлашди: «Биз узоқ гаплашдик. Путинга «Мен сизни, сиз мени биласиз. Агар [сайловларга] аралашган бўлсангиз, бизнинг жавобимизга тайёр тураверинг», дедим. Лекин Россия билан умумий манфаатларимиз бўлган соҳаларда ҳамкорлик қилишимиз мумкин. Айнан шу сабаб мен ядро келишувимизни узайтиришни таклиф қилдим», деди Байден.

Байден интервью давомида америкаликларни вакцина қабул қилишга чақириб, бу ватанпарварлик белгиси эканини айтди: «Азизлар, ватанпарвар бўлинг ва вакцина олинг. Қолганларни асранг. Масалан, менга вакцина набираларимни яна қуча олишим учун керак».

Байденнинг сўзларига кўра, АҚШ 1 майгача Афғонистондаги қўшинларини чиқаришга улгурмайди, бу учун «Толибон» билан келишув керак бўлади. Шунингдек, президент жинсий зўравонликда айбланаётган Нью-Йорк губернатори Эндрю Куомо ҳақида гапириб, агар бу айблов исботланса, Куомо ишдан кетишга мажбур бўлишини айтди. АҚШ президенти Жамол Қошиқчининг ўлимида айбдор деб айтилаётган Саудия валиаҳд шаҳзодасига қарши санкция қўлланмаётганини изоҳлар экан, АҚШ ҳеч қачон иттифоқчиларининг амалдаги раҳбарларига қарши санкция қўлламаслигини айтди.

Байден суҳбат давомида Оқ уйдаги қўриқчини тишлаган ити ҳақида ҳам гапирди: «Мэйжор исмли овчаркам бунақа тишлайдиган эмасди, шунчаки у Оқ уйдаги ҳолатга кўника олмаган». Байденнинг бу ити Оқ уйдан демократнинг уйига олиб кетилганди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Байден Путинни қотил деб атади ва унга сайловларга аралашгани учун бадал тўлатиш билан таҳдид қилди