10:39 / 20.03.2021
764

Танзания тарихида илк бор аёл киши президентлик лавозимини эгаллади

Танзания тарихида илк бор аёл киши президентлик лавозимини эгаллади
Самия Сулуху Ҳасан (чапда)
Фото: AP Photo

Танзания собиқ вице-президенти Самия Сулуҳу Ҳасан мамлакат президенти сифатида қасамёд қилди. Бу ҳақда маҳаллий The Citizen газетасига таяниб «РБК» хабар берди.

«Мен, Самия Сулуху Ҳасан, мамлакатни ҳалоллик билан бошқаришга, Танзания Конституциясига бўйсунишга ва уни ҳимоя қилишга ваъда бераман», — деди у мамлакатнинг энг йирик шаҳри Дар-эс-Саламда бўлиб ўтган маросимда.

Танзаниянинг аввалги президенти Жон Магуфули 17 март куни вафот этган эди, шундан сўнг Самия Сулуху Ҳасан ушбу лавозимни эгаллади. Танзания Конституциясига кўра, у Магуфулининг 2025 йилда тугаши керак бўлган иккинчи беш йиллик президентлик муддатининг қолган қисмида давлатни бошқаради. Сулуху ушбу Африка давлатидаги биринчи аёл президент бўлди. Шунингдек, у яна бир марта президентликка номзодини қўйиши мумкин бўлади.

Нашрнинг таъкидлашича, келаси шанба куни мамлакатдаги ҳукмрон Инқилобий партия раҳбариятининг йиғилиши бўлиб ўтади, таҳлилчиларнинг фикрига кўра, унда янги вице-президент сайланади.

Эслатиб ўтамиз, Магуфули мамлакатда чекловлар жорий қилишдан бош тортган ва тиббий ниқоб тақмаганларни олқишлаган. Инфекция тарқалишига қарши курашишнинг илмий усуллари ўрнига, президент танзанияликлардан COVID-19 устидан ғалаба учун ибодат қилишни сўраган ва «коронавирус — иблис» деб таъкидлаган.

Жон Магуфули 61 ёшида вафот этди. Аввалроқ Танзания мухолифати раҳбари Тунду Лиссу президентнинг коронавирус билан касаллангани ва қўшни давлат Кенияда касалхонага ётқизилгани ҳақида айтганди.

Аммо президент ўлимининг расмий сабаби сифатида юрак билан боғлиқ муаммолари келтирилди. «Президент Жон Магуфули 10 йилдан бери азоб чекиб келаётган юрак хасталиги туфайли вафот этди», — дейилади Самия Сулуханинг баёнотида.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Танзания тарихида илк бор аёл киши президентлик лавозимини эгаллади