15:32 / 22.03.2021
3 126

Ҳиндистон: 150 миллион киши бир дарёда чўмилиш учун йиғилмоқда

Ҳиндистон: 150 миллион киши бир дарёда чўмилиш учун йиғилмоқда
Фото: Praveen Khanna
Ҳиндистонда Кумбҳа мела – Кўза байрами муносабати билан ҳиндуийлик динига эътиқод қилувчи 150 миллиондан зиёд киши бир жойда йиғилиши кутилмоқда. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус пандемияси авжига чиққан пайтда хасталиклар сони янада ошишидан хавотир билдирган.

Кумбҳа мела байрами анъанавий равишда Ҳиндистоннинг Аллоҳобод, Ҳаридвар, Нашик ва Ужжайн каби тўрт шаҳрида ўтказиб келинади. Диний маросимлар бу йил Ҳаридвар шаҳрида ўтиши режалаштирилган.

Кумбҳа мела байрами давомида миллионлаб ҳиндуийлар ўз муқаддас қадамжоларини зиёрат қилади ва битта дарёда чўмилади. Уларнинг эътиқодига кўра, Ганг, Шипра, Годовари каби муқаддас дарёларда чўмилиш орқали гуноҳлардан халос бўлиш мумкин.

Анъанага кўра ушбу байрам кунлари ҳар йили миллионлаб одам бир ерга жамланади. Масалан, 2013 йили Кумбҳа мела байрами кунлари Аллоҳободга 120 миллион киши ташриф буюрган. Улкан издиҳом йиғилган пайтда фожиалар ҳам тез-тез рўй бериб туради, тиқилинчда одамлар бир-бирини босиб-янчиб ташлаши ҳолатлари кўп кузатилади.

Деҳли ҳукумати карантин даврида кўп сонли аҳолининг бир жойда йиғилиши, боз устига, бир дарёда чўмилиши коронавируснинг янада кўпроқ тарқалишига сабаб бўлишидан хавотирда. Шу сабаб Ҳиндистон соғлиқни сақлаш вазирлиги бу йилги диний маросимларга мезбонлик қилаётган Уттаракҳанд штати маъмуриятига санитария-гигиена қоидаларига риоя этилишини таъминлаш борасида топшириқ берган. Аммо кузатувчилар бу қадар кўп сонли аҳоли йиғилган шароитда санитария қоидаларига риоя этиш имконсиз эканини айтмоқда.

Айни пайтда Ҳиндистон Covid-19 хасталиги тарқалиши бўйича дунёда учинчи, ўлим кўрсаткичи бўйича эса тўртинчи давлат бўлиб турибди. Ҳозирга қадар 11,6 миллиондан ошиқ аҳоли коронавирус юқтирган, 160 минг нафардан ортиқ одам ушбу хасталикдан вафот этган. Шу кунларда вирус тарқалиши янада тезлашган. Сўнгги вақтлар мамлакатда кунига 43 мингта янги касалланиш ҳолати ва қарийб 200 та ўлим ҳолати қайд этилмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ҳиндистон: 150 миллион киши бир дарёда чўмилиш учун йиғилмоқда