09:35 / 06.04.2021
1 716

Туркияда 104 нафар истеъфодаги адмиралга нисбатан тергов ҳаракатлари бошланди

Туркияда 104 нафар истеъфодаги адмиралга нисбатан тергов ҳаракатлари бошланди
Фото: Anadolu Agency
Туркияда янги Истанбул канали қурилишига қарши ва у билан боғлиқ ҳолда Туркиянинг Монтрё конвенциясидан чиқиши мумкинлигидан ташвиш билдирган 104 нафар истеъфодаги адмиралга нисбатан тергов ҳаракатлари бошланди. Улар ўз хавотирларини очиқ мактубда билдиришган.

NTV нашрининг хабар беришича, Анқарада уларнинг мактуби ҳукуматнинг ишига аралашувга уриниш деб қабул қилинган. Анқара ушбу тергов доирасида далиллар йўқ қилиб юборилиши олдини олиш ва ушбу воқеага алоқадор бошқа гумонланувчиларни аниқлаш мақсадида 10 нафар собиқ адмирални ҳибсга олган. Яна 4 нафар гумонланувчининг кекса ёшини ҳисобга олиб, ҳибсга олмасликка қарор қилинган, бироқ уларга 3 кун ичида полицияга келиш тайинланган.

Таъкидланишича, бош прокуратура ушбу мактубни ким тайёрлагани ва унга кимлар алоқадорлигини аниқламоқчи.

Мактубни имзолаган собиқ адмираллар Истанбул канали қурилиши ва Монтрё конвенцияси муҳокамаси ва бунинг ортида халқаро келишувлар бекор қилиниши мумкинлигидан хавотир билдиришган.

Ушбу конвенция Туркияга урушаётган томонлардан бири тарафида урушга киришмаслик ҳуқуқини беради. Бу унга Иккинчи жаҳон урушида дахлсизликни сақлашга имкон берганди. Монтрё конвенцияси Қора денгиз давлатлари хавфсизлигини таъминловчи асосий ҳужжат ва Қора денгизни тинчлик денгизи қилувчи конвенциядир”, деб ёзишган истеъфодаги адмираллар мактубда. Шунингдек, уларнинг таъкидлашича, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған янги конституцияни ишлаб чиқиш ташаббусини билдираётгани ортида амалдаги конституцияни сақлаб қолиш керак.

Таъкидланишича, ҳибсга олинган адмираллар орасида Туркиянинг янги денгиз доктринаси - “Мовий ватан” асосчиларидан бири Жам Гюрдениз ҳам бор. Ушбу доктринага кўра, Туркияда катта кўламдаги денгиз ҳудудлари, жумладан баъзи грек ороллари сув ҳудудларига эгалик қилиш ҳуқуқи бор.

Бу орада Туркиянинг асосий мухолиф Халқ-республикаси партияси раҳбари ўринбосари Энгин Ўзкўч ва “Ватан” партияси етакчиси Муҳаррам Инже адмиралларнинг ҳибсга олинишини қоралаб чиқишди. “Монтрё мавзуси – адмираллар, денгизчилар мавзусидир. Агар улар бу мавзу бўйича баёнот бермаса, унда ким беради? Аё София масжиди имомими? Сўз эркинлиги ҳақида бонг урувчилар адмиралларни мамлакат манфаати учун ўз хавотирини билдираётгани учун ҳибсга олиб, уларни давлат тўнтарувига уринишда айблашмоқда”, деб ёзган Инжде твиттерда.

Туркиянинг Босфор ва Дарданелл бўғозларига эгалик қилиш ҳуқуқини тиклаган Монтрё конвенцияси 1936 йилда Қора денгиз бўғозлари режими бўйича анжуманда қабул қилинган. У икки бўғоз орқали ҳарбий кемалар ўтиши тартибини белгилайди. Конвенция бўғозлар орқали фақат савдо кемаларига эркин ўтиш ҳуқуқини беради. Бўғозлар орқали ҳарбий кемаларнинг ўтиши чекланган. Улар орқали тинч вақтда Қора денгиз бўйида жойлашган давлатлар исталган синфдаги ўз ҳарбий кемаларини олиб ўта олади. Бироқ бошқа давлатлар кемаларининг бўғозлар орқали ўтишида уларнинг синфи, тоннажи ва Қора денгизда қолиши бўйича чекловлар ўрнатилган.

Аввалроқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Монтрё конвенцияси Истанбулда Босфор бўғозига параллел тарзда қуриладиган янги Истанбул каналига жорий қилинмаслигини айтганди. Шу билан бирга, Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғлу ушбу канал лойиҳаси Туркиянинг Монтрё конвенциясидан воз кечишига қаратилмаганини айтган.

Бироқ кўплаб сиёсатшунослар янги канал Қора денгизга тўғридан тўғри чиқа олмайдиган давлатлар ҳарбий кемаларининг Босфор ва Дарданелл бўғозларидан ўтишини чекловчи Монтрё конвенцияси таъсири остидан чиқарилиши мумкинлигидан хавотир билдиришмоқда.

Эрдўған Истанбул каналини қуриш ғоясини илк бор 2011 йилги сайловлар олдидан билдирганди. Янги канал орқали кунига 160та кема, жумладан 300 минг тоннагача юк ташийдиган танкерлар ўтиши тахмин қилинмоқда. Дастлабки режага кўра, унинг қурилишини Туркия Республикаси ташкил этилганининг 100 йиллиги нишонланадиган 2023 йилда якунлаш кўзда тутилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Туркияда 104 нафар истеъфодаги адмиралга нисбатан тергов ҳаракатлари бошланди