09:46 / 21.04.2021
2 559

“Эҳтимол, Ўзбекистонга 50 эмас, балки 20 гектар ер берамиз” - Ташиев


Қирғизистоннинг Қора-Сув туманида Савай қишлоқ округи аҳолиси 14 апрелдан бери Кампиробод сув омбори атрофидаги 50 гектар ерни Ўзбекистонга берилишига қарши митинг ўтказмоқда. Бу ҳақда Sputnik хабар қилди.

Митинг жойида мингга яқин киши тўпланди. Улар билан йиғилиш ўтказиш мақсадида у ерга Қирғизистон миллий хавфсизлиги давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев етиб келди.

Ташиев Кампиробод сув омбори ҳақида гапирганда, Ўзбекистон томони билан ерларни алмаштириш тўғрисидаги келишув хусусида тўхталди.

У Ўзбекистон билан келишув "жуда фойдали ва қулай" эканлигини таъкидлади. Маҳаллий аҳоли бунга жавобан протоколни бекор қилиш (денонсация) ва сув омбори ёнидаги ерни бермаслик керак, деб айтишди. Аммо МХДҚ раҳбари бунинг иложи йўқлиги, чунки протокол доирасида бошқа муаммолар ҳам ҳал қилинмоқда, деб таъкидлади.

"Сув омбори ёнидаги ерларни ҳисобга олган ҳолда биз 4,4 минг гектар майдонни берамиз ва унинг ўрнига 5,1 минг гектарни оламиз. Агар ҳозир ҳал қилмасак, кейинги авлодда муаммолар бўлади. Сув омбори тўғони ёнида 50 гектар ер бор, Ўзбекистон томони бу участкани сўраган. Унинг эвазига худди шу миқдордаги ер беришади. Битимда нима ёзилади? Маҳаллий аҳоли сувдан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Улар чорва молларига сув бериш, балиқ овлаш, насос ёрдамида сув олиши мумкин. Яъни чекловлар бўлмайди. Уни тўлдириш учун сув ресурсларини биргаликда бошқариш керак, сув бизнинг қишлоқларга каналлар орқали кириб бориши учун 900-горизонталдан юқори бўлмаслиги керак", - деб тушунтирди Ташиев.

Маҳаллий аҳолининг эътирозидан сўнг Ташиев яна бир таклиф билдирди. "Ўйлайманки, бошқача қилиш мумкин - улар тўсиб қўйган 20 гектар ерни алмаштириш. 50 эмас, балки 20 гектар".

Акцияда иштирок этган кишилар Ўзбекистон бундай шартларга рози бўлмаслиги мумкин, деб жавоб беришди. Ташиев ўзбек томонини ишонтириш учун барча имкониятни ишга солишини айтди.

Эслатиб ўтамиз, Ташиев бошчилигидаги ҳукумат делегацияси Тошкентда 23-25 март кунлари чегараларни делимитация қилиш бўйича музокаралар олиб борган эди. Икки томон ҳудудларни алмаштириш тўғрисида протокол имзоладилар.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » “Эҳтимол, Ўзбекистонга 50 эмас, балки 20 гектар ер берамиз” - Ташиев