14:20 / 24.04.2021
1 754

Ўзбекистонлик талаба япониялик ўсмирни қутқариб қолди


Фото: News24
21 апрель куни Япония телевидениесида ўзбекистонлик талаба Элдор Ўринбоевнинг чўкиб кетаётган япониялик ўсмирга ёрдам бергани ҳақидаги янгилик намойиш этилган. Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Ёшинори Фужияма содир бўлган воқеа бўйича бутун Ўзбекистон халқига ўз миннатдорчилигини билдирди. Бу ҳақда дипломатик миссия матбуот хизматига таяниб «Gazeta.uz» хабар берди.

«Мен, Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси сифатида, Ўринбоевга ўз ҳаётини хавф остига қўя туриб Гинован шаҳрининг денгизида чўкиб кетаётган япон ўсмирини қутқаргани учун чуқур миннатдорчилигимни изҳор этаман», — дейди элчи.

«Ҳозирда Ўринбоев Япониянинг энг жанубий қисмида жойлашган Окинава префектурасида таҳсил олади. Ўзи ҳам денгизга биринчи марта тушганига қарамай, бор кучи билан сузиб бориб, одам қутқарган ушбу ўзбек ўсмирининг жасурлиги ва виждонлилиги учун яна бир бор самимий миннатдорчилигимни изҳор этишга ижозат беринг», — деди Ёшинори Фужияма.

Nippon NewsNetwork’нинг лавҳаларидан бир гуруҳ ёшлар «пирс» ва қирғоқда турганини, улар кучли тўлқин сабабли соҳилгача сузиб бора олмаётган ўсмирга қўл силкиётганини кўриш мумкин. Элдор Ўринбоев эса сувга сакраб, ўсмирни сувдан тортиб чиқаришга уринган, унга соҳилда турган икки нафар бошқа йигит ҳам ёрдам берган.

Фото: News24
Йигит телевидениега берган интервьюси жуда оғир бўлганини айтиб ўтган: «Осон деб ўйлагандим, сувга тушганимдан кейин ўзимга қутқарувчи керак бўлиб қолади, деган хаёллар ҳам бўлди».

Япония элчиси ушбу мамлакатда чўкаётган инсонга ёрдам беришга уринаётган шахснинг ўзи билан бахтсиз ҳодиса рўй берган ҳолатлар кўплаб учрашини қайд этган.

«Гарчи, Ўринбоев тутган йўл денгизга умрида биринчи марта тушган инсон ҳаёти учун хавфли бўлса-да, унинг ушбу хатти-ҳаракати жуда қадрли ва аҳамиятлидир», — дея таъкидлайди элчихонадагилар.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ўзбекистонлик талаба япониялик ўсмирни қутқариб қолди