10:04 / 28.04.2021
1 144

Илон Маск: Марсни ўзлаштириш жараёнида анча-мунча одам қурбон бўлади

Илон Маск: Марсни ўзлаштириш жараёнида анча-мунча одам қурбон бўлади

Фото: AFP
Инсоният Марсни ўрганиш бадалини сайёрага борган биринчи кўнгиллилар ҳаёти билан тўлашига тўғри келиши мумкин, деди SpaceX компаниясининг раҳбари Илон Маск инновацияларни қўллаб-қувватловчи Xprize жамғармаси билан бўлган интервьюда.

«Тўғрисини айтганда, бошланишида кўплаб одамлар қурбон бўлади. У ерга етиб олиш осон эмас», — деб таъкидлади у.
Унинг қўшимча қилишича, Марсни ўрганиш учун фақат кўнгиллилар юборилади. Xprize суҳбатдошининг айтишича, бундай экспедицияда қатнашиш истагини билдирганлар жуда кўпчиликни ташкил этади.

Маскнинг сўзларига кўра, уларни «улуғвор саёҳат» ва «ажойиб тажриба» кутмоқда. «Ҳа, қурбон бўлиш мумкин. Ноқулай бўлади, озиқ-овқат ва шунга ўхшаш бошқа нарсалар ҳам, эҳтимол, унчалик яхши бўлмас. Лекин сизни қийин ва хавфли, лекин улуғвор саргузашт қизиқтирса, демак Марс айнан сиз учун мос келадиган жой», — дея таърифлади Маск.

Шунингдек, у бошқа сайёралар каби Марснинг ўзлаштирилишини инсониятнинг яшаб қолиши учун муҳим деб атади.

2020 йилда Маск ўз компаниясининг олти йилдан кейин биринчилардан бўлиб Марсга одам етказиши мумкинлигини айтган эди. «Агар омадимиз келса, тўрт йилда ҳам бўлиши мумкин», — деб тахмин қилган у. SpaceX’нинг Марсга учувчисиз миссиясини икки йилдан кейин амалга ошириш режалаштирилмоқда.

2050 йилгача тадбиркор Марсга бир миллион одамни юборишни мақсад қилган. Унинг аниқлик киритишича, бунинг учун мингта кемадан иборат флот керак бўлади. Маск парвоз харажатларини тўлашга қурби етмаганларга Марсда кредитлар ва иш ўринларини беришга тайёрлигини айтди.

SpaceX асосчиси Марсни ўзлаштириш учун режалаштирилган шаҳар қурилиши катта сармояларни талаб қилишини ва ушбу лойиҳани молиялаштириш учун барча мол-мулкини сотиши мумкинлигини тан олди. Буни амалга оширишнинг яна бир сабаби сифатида, Маск Марс лойиҳасини амалга оширишга қанчалик қатъий қарор қилганини бутун дунёга намойиш этиш истагини айтди.

Шунингдек, Илон Маск Марсда мустақил фаолият юритадиган манзил қуришга 20 йил кетишини тахмин қилган эди. Унинг сўзларига кўра, бундай манзил қуриш учун 1000 га яқин Starship кемаси ва камида 3 миллион тонна ресурс ва жиҳозлар керак бўлади.

Аввалроқ Илон Маск карбонат ангидридни тежамкор равишда ёқилғига айлантириш йўлини топадиган ихтирочига 100 миллион доллар ваъда қилди. У атмосферадан углерод ажратиб олиш технологияси ҳаводан ифлослантирувчи заҳарли газлар ажралиб чиқиш даражасини 2050 йилга қадар нолга етказишда жуда муҳим бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Forbes’нинг 2021 йил бўйича энг бой одамлари анъанавий рейтингида Илон Маск 151 миллиард долларлик бойлиги билан иккинчи ўриндан жой олди. Бир йил олдин у энг бой ишбилармонлар рўйхатида атиги 31-ўринда турган ва рейтингни тузувчилар унинг бойлигини 24,6 миллиард долларга баҳолаган эди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Илон Маск: Марсни ўзлаштириш жараёнида анча-мунча одам қурбон бўлади