11:00 / 30.04.2021
1 942

Қирғизистон президенти Тожикистон билан чегарадаги вазият барқарорлашганини маълум қилди


Фото: «Новости.кг»
Қирғиз-тожик чегарасидаги вазият барқарорлашди ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров назорати остида. Бу ҳақда Қирғизистон давлат раҳбари матбуот хизмати баёнотига таяниб, «Интерфакс» хабар берди.

«Вазият барқарор ва мамлакат президенти Садир Жапаров назорати остида. Қирғизистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Артём Новиков бошчилигидаги ишчи гуруҳ Боткен вилоятига келган. Ишчи гуруҳ можарони ҳал қилиш учун бир қатор чораларни кўрди», — дейилади матбуот хизмати хабарида.

Матбуот хизмати икки мамлакат ҳукуматлари ташаббуси билан чегараолди ҳудудлардаги қуролли можарони ҳал қилиш бўйича тузилган комиссиялар ҳодиса сабаблари ва оқибатларини муҳокама қилиб, қуролли можарони тўхтатиш, шахсий таркиби ва ҳарбий техникани доимий жойларига олиб чиқиш тўғрисида баёнот имзолаганини таъкидлади.

«Имзоланган қўшма баёнотга кўра, томонлар шахсий таркибни ва ҳарбий техникани доимий жойлаштириладиган жойларга олиб чиқиб кетиш ва зиддиятнинг кучайиб кетишининг олдини олиш чораларини кўришга келишиб олди», — деди Қирғизистон ҳукуматининг Боткен вилоятидаги ваколатли вакили Омурбек Суваналиэв. Давлат чегарасида кескинлик авж олмаслиги учун чоралар кўрилмоқда.

«Боткен вилоятидаги давлат чегарасининг қирғиз—тожик қисмида содир бўлган воқеа қирғиз халқининг бирдамлигини, ватанпарварлигини ва фуқароларимизнинг можарони ҳал қилишда ёрдам беришга интилишини намойиш этди. Ўтган кун давомида кўплаб Қирғизистон фуқаролари чегараолди ҳудудига бориб, можарони ҳал қилишда ҳар томонлама ёрдам бериш истагини билдирди», — дея таъкидлади матбуот хизмати.

«Интерфакс» аввалроқ хабар берганидек, Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қирғиз—тожик чегарасидаги отишма пайтида етказилган зарарни баҳолаш бўйича комиссия тузди.

«Қирғиз—тожик чегарасидаги отишма пайтида моддий зарарни ҳисоблаш учун комиссия тузилди. Аммо у нотинч вазият туфайли ишига туша олмаяпти», — деган  Мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Инқирозларни бошқариш маркази бошлиғи Муҳаммад Сваров.
Унга кўра Қирғизистоннинг битта чегара пости қисман ёқиб юборилган, бир нечта хусусий уйлар ҳам ёндирилган. Лайлак туманининг саккизта қишлоғидаги хусусий биноларга зарар етган.

«Дастлабки зарар ҳақида гапиришга ҳали эрта. Алоқа линиясида ишлаш жуда қийин, бу хавфли ва жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Аввало биз жабрланганларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишимиз керак. Комиссия Боткен вилоятидаги вазият бутунлай барқарорлашгандан сўнг тўлиқ ишлай бошлайди», — дея таъкидлаган Сваров.

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги низо 28 апрель куни маҳаллий аҳоли ўртасидаги жанжал билан бошланган эди. У эса тожикистонлик ҳарбийлар баҳсли ҳудудда жойлашган «Головной» сув тақсимлаш пункти яқинидаги электр устунига видеокузатув камераларини ўрнатганидан кейин келиб чиққан. Эртаси куни низога иккала мамлакат ҳарбийлари аралашган, отишма бошланган.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, можарода жабрланганлар сони 134 кишига етди, 13 киши вафот этди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қирғизистон президенти Тожикистон билан чегарадаги вазият барқарорлашганини маълум қилди