10:23 / 03.05.2021
1 980

Залмай Ҳалилзод: Афғонистондаги тинчлик жараёнида Ўзбекистоннинг ўрни жуда муҳим


Фото: «Дунё»
Ўзбекистонда бўлиб турган АҚШнинг Афғонистондаги ярашиш масалалари бўйича махсус вакили Залмай Ҳалилзод «Дунё» АА мухбирига қисқача интервью берди.

— Жаноб Ҳалилзод, Афғонистондаги сиёсий жараённи илгари суришда Ўзбекистоннинг ролини қандай баҳолайсиз?
— Аввало, бугун Ўзбекистонда бўлиб турганимдан мамнунлигимни таъкидламоқчиман. Мамлакат ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан жуда сермаҳсул учрашув ўтказдик. Ўзбекистоннинг Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш бўйича сиёсий жараёндаги ўрни, айниқса, ушбу жафокаш заминнинг Марказий Осиёдаги савдо-иқтисодий, транспорт ва энергетика лойиҳаларига жалб этилиши жиҳатидан жуда муҳимдир. Ўзбекистоннинг ушбу жараёнларга фаол кўмаги, шубҳасиз, Афғонистон иқтисодиётининг тезроқ тикланишига ёрдам беради ва тинчлик музокаралари мазмунига ижобий таъсир кўрсатади.

— Ўзбекистон Президентининг Марказий Осиёда ўзаро боғликликни мустаҳкамлаш, жумладан, Афғонистонни минтақа транспорт-энергетика тизимларини ривожлантиришга жалб этиш борасидаги ташаббусларини қандай баҳолайсиз?
— Ўзбекистон раҳбарининг мазкур ижобий ташаббусларини олқишлаймиз ва қўллаб-қувватлаймиз. Мамлакат жорий йил июль ойида ташкил этаётган халқаро конференциянинг самарали натижаларини сабрсизлик билан кутмоқдамиз.

Афғонистон келажаги кўплаб омилларга, биринчи навбатда, савдо, иқтисодиёт, транспорт коммуникациялари каби турли соҳаларни ривожлантиришга туртки бўладиган тинчлик жараёнига боғлиқ. Шунингдек, Афғонистон халқи учун Марказий Осиё давлатларига чиқиш, Жанубий Осиё давлатларига транзит йўлагини барпо этиш ва бошқа мамлакатларда афғон моллари савдосини йўлга қўйиш йўлида катта манфаат келтиради. Шунинг учун ҳам мазкур ташаббусларни ниҳоятда ижобий деб биламиз.

— Афғонлараро музокаралар истиқболлари ҳақидаги фикр-мулоҳазаларингизни сўзлаб берсангиз.
— Афғонлараро музокаралар мана бир неча ойдан бери давом этмоқда. Жараён узоқ вақтни олмоқда. Аммо уруш 40 йилдан ортиқ давом этмоқда ва бу муаммонинг ҳарбий ечими йўқлигига барчамиз аминмиз. Афғон можаросига фақат сиёсий ечим мавжуд. Ўзбекистон ва АҚШ бу масалага тезроқ сиёсий ечим топилишини рағбатлантирмоқда. Шунингдек, улар қўшни давлатларни тинчликка эришишнинг энг муҳим жиҳатларидан бири бўлган афғонлараро музокараларга фаолроқ кўмаклашишга ундамоқда. Биз, ўз томонимиздан, БМТда тажриба ва экспертлар мавжудлигини инобатга олган ҳолда мазкур халқаро ташкилотни музокараларда иштирок этиш ва муаммони тинч йўл билан ҳал этишни жадаллаштиришга чақирамиз.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Залмай Ҳалилзод: Афғонистондаги тинчлик жараёнида Ўзбекистоннинг ўрни жуда муҳим