11:16 / 05.05.2021
833

Ливерпулда тажриба учун 5 минг томошабин иштирокида концерт уюштирилди

Ливерпулда тажриба учун 5 минг томошабин иштирокида концерт уюштирилди

Англиянинг Ливерпуль шаҳрида ҳукуматнинг тажриба лойиҳаси доирасида беш минг нафар томошабин концертда иштирок этди, тадбир ижтимоий масофа ва ҳимоя ниқоблари талабисиз, махсус қурилган улкан чодир ичида бўлиб ўтди, деб ёзмоқда BBC.

Ушбу концерт Буюк Британия ҳукуматининг оммавий тадбирларни қандай қилиб хавфсиз тарзда ташкил этиш мумкинлигини ўрганиш бўйича расмий ташаббусларидан бири бўлди. Концертдан бир кун олдин томошабинларнинг коронавирусга тест топшириши талаб этилди.

Агар тест натижалари манфий бўлса, уларнинг концертда иштирок этишига рухсат берилди.
Оммавий тадбирнинг COVID-19 тарқалишига таъсирини билиш учун томошабинлар концертдан беш кун ўтгач яна тест топширади.

Бундан ташқари, олимлар ҳаракатланиш, томошабинларнинг ўзаро муносабати, ҳавонинг сифати, концертнинг давомийлиги, озиқ-овқат ва алкоголь истеъмоли каби бошқа омилларни ҳам инобатга олади. Улар 21 июндан бошлаб ижтимоий алоқалардаги чекловларни олиб ташлашни кўзда тутувчи карантинни юмшатиш чораларининг тўртинчи босқичи болшанганида Буюк Британияда ёзги мусиқий фестивалларнинг қандай ўтказилиши мумкинлигини аниқламоқчи.

Эслатиб ўтамиз, Буюк Британия карантин чекловларини босқичма-босқич бекор қилмоқда. Чекловларни олиб ташлашнинг навбатдаги босқичи 17 майга режалаштирилган. Шу кундан бошлаб Буюк Британия, шунингдек, чет давлатлар билан авиапарвозларни қайта тикланиши режалаштирилган.

Маълумот учун, Европада 2021 йил пандемия шароитида кенг омма учун ўтказилган Барселонадаги илк рок-концертлардан бири коронавируснинг янги ўчоғига айланмади, деб маълум қилди эпидемиологлар. Томошабинлар вирусга қарши эмланмаган ва ижтимоий масофага риоя қилмаган, лекин концерт олдидан тест топширган ва FFP2 респираторларини тақиб олган.

Тадқиқот натижалари Барселонадаги Germans Trias i Pujol университети шифохонасининг шифокорлари томонидан тақдим этилди, деб ёзмоқда Euronews. Улар 27 март куни Palau Sant Jordi спорт аренасида 5 минг томошабин иштирокида бўлиб ўтган концертнинг натижаларини таҳлил қилди.

Лекин Испаниянинг Памплона шаҳри раҳбари Энрике Майя коронавирус пандемияси сабабли кетма-кет иккинчи йил Сан-Фермин фестивалини бекор қилди. Унинг таъкидлашича, бу қарор коронавирус тарқалишининг юқори хавфи ва минтақадаги вакцинациянинг паст даражаси билан боғлиқ.

Шунингдек, Bloomberg агентлиги коронавирус пандемиясига қарши энг самарали кураш олиб бораётган мамлакатлар рейтингида Сингапур етакчилик қилаётганини айтди. 2021 йилнинг апрель ойида Сингапур мамлакатда вакцинация суръатининг тезлиги сабабли рейтингда Янги Зеландияни ортда қолдириб, биринчи ўринни эгаллади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Ливерпулда тажриба учун 5 минг томошабин иштирокида концерт уюштирилди