10:20 / 07.05.2021
2 463

Қирғизистон президенти Тожикистон билан можародан кейин чегарага борди


Фото: «Live.kg»
Қирғизистон президенти Садир Жапаров қирғиз—тожик можаросидан кейин мамлакатнинг Тожикистон билан чегарадош минтақасига келди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизматига таяниб «Интерфакс» хабар берди.

«Жапаров иш сафари билан Боткен вилоятига ташриф буюрди. Давлат раҳбари яқинда давлат чегарасининг қирғиз—тожик қисмида содир бўлган воқеалардан зарар кўрган қишлоқларга ташриф буюради ва маҳаллий аҳоли билан учрашувлар ўтказади», — дейилади хабарда.
Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Тожикистон билан чегарадаги қуролли тўқнашув натижасида Қирғизистонда 220 та уй ва объект вайрон бўлганини маълум қилди.

«Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳисоб-китобларига кўра, 136 та уй ва 84 та объект бузилган: улардан биттаси мактаб, битта фелдшер-акушерлик пункти, битта болалар боғчаси, битта тиббий марказ, битта стоматология, иккита дорихона, битта кутубхона, 27 та газ станцияси, 34 та дўкон, 3 та ошхона, 3 та ресторан, шунингдек, ҳукуматга тегиши 7 та бино», — дейилади вазирликнинг матбуот хизмати хабарида.

«Ҳозирда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг махсус комиссияси моддий зарарни аниқлаш бўйича иш олиб бормоқда», — дея таъкидлади матбуот хизмати.

Аввалроқ Тожикистон билан чегарадаги можаро пайтида Қирғизистон қишлоқларида 78 та уй зарар кўргани маълум бўлган эди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, Боткен вилоятига 972 тонна гуманитар ёрдам етказиб берилди.

Asia-Plus хабарига кўра, Тожикистон можарода 19 нафар тожикистонлик ҳалок бўлганини расман тасдиқламоқда. Қайд этилишича, Сўғд вилояти маъмурияти 19 кишининг ҳалок бўлгани ва 87 киши жароҳат олганини тасдиқлади ва уларга ёрдам кўрсатилди.
«19 нафар қурбон ва 87 нафар жароҳатланганларнинг оилаларига ёрдам бериш учун 3 миллион сомоний (265 минг доллар) жўнатилди», — деб хабар қилди Сўғд вилояти раиси матбуот хизмати.

Таъкидланишича, 5 май куни президент Эмомали Раҳмон номидан Сўғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзода ва Тожикистон чегара қўшинлари қўмондони Ражабали Раҳмонзода чегара можаросида ҳалок бўлганларнинг қариндошлари ва яқинлари уйига ташриф буюрди. Улар қурбонларнинг ҳар бирининг оиласига ҳамдардлик билдирди ва 70 минг сомоний (6,2 минг доллар) миқдорида ёрдам кўрсатди.
Ҳалок бўлган фуқароларнинг қаҳрамонлиги ҳеч қачон унутилмаслиги ва уларнинг Ватанни ҳимоя қилиш йўлида ўз жонини аямагани тарих саҳифаларида абадий қолиши таъкидланди.

Аввалроқ Тожикистон ва Қирғизистоннинг давлат чегарасини аниқлаш ва белгилаш бўйича ҳукумат делегациялари қўшма йиғилишидан сўнг мамлакатлар ўртасидаги зиддиятли вазиятни ҳал қилиш учун кўриладиган чоралар эълон қилинган эди.

Хусусан, томонлар чегара чизиғининг айрим участкаларини тавсифлаш учун 1924—1927 йиллардаги миллий-ҳудудий чегаралаш ва 1989 йилги яхлитлик комиссиясининг ҳужжатлари ва материалларидан фойдаланишга келишиб олди. Топографик ишчи гуруҳларга 2021 йил 5 майдан 9 майгача ушбу участкаларда тожик—қирғиз чегарасининг лойиҳа чизиғини тавсифлаш бўйича кўрсатма берилди.

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги низо 28 апрель куни маҳаллий аҳоли ўртасидаги жанжал билан бошланган эди. У эса тожикистонлик ҳарбийлар баҳсли ҳудудда жойлашган «Головной» сув тақсимлаш пункти яқинидаги электр устунига видеокузатув камераларини ўрнатганидан кейин келиб чиққан. Қирғизистон чегара хизматининг ахбороти бўйича 29 апрелда икки давлат ҳарбийлари ўртасида отишма содир бўлган.

Шунингдек, Қирғизистон ва Тожикистон ўз қўшинларини давлат чегарасидан олиб чиқиб кетишни якунлагани, шунингдек, низо чоғида гаровга олинган ўн нафар Қирғизистон фуқароси Тожикистонда асирликдан озод этилгани ҳақида хабар берилган эди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қирғизистон президенти Тожикистон билан можародан кейин чегарага борди