16:16 / 16.05.2021
1 584

Мьянманинг гўзаллик маликаси ҳарбий хунтага қарши қуролли қўзғолонга қўшилди

Мьянманинг гўзаллик маликаси ҳарбий хунтага қарши қуролли қўзғолонга қўшилди

Фото: LETA
Халқаро гўзаллик танловларида Мьянма номидан иштирок этган 32 ёшли собиқ модель, спорт гимнастикаси мураббийси Хтар Хтет Хтет ўзининг Facebook саҳифасига дала машғулотлари кийимида, қўлига қурол тутиб тушган суратини жойлади. Бу ҳақда Meduza хабар берди. Расмга бириктирилган матнда у ўз ватандошларини 2021 йилнинг февраль ойида ҳарбий тўнтариш қилиб, ҳукуматни эгаллаган хунтага қарши курашишга чақирди.

«Қўлингизда ручка, клавиатура ёки автомат автомат тутиб турибсизми, ё бўлмаса демократик ҳаракатга пул сарфлаяпсизми — бунинг аҳамияти йўқ. Ҳар бир фуқаро инқилоб ғалабаси учун ўз ҳиссасини қўшиши керак», — деб ёзди Хтар Хтет Хтет ижтимоий тармоқдаги саҳифасида. Шунингдек, у Twitter’да саҳифасига Че Геварадан иқтибос келтириб («Инқилоб пишганида ерга тушадиган олма эмас. Уни тушишга биз мажбур қилишимиз керак»), яна бир нечта фотосуратларни жойлади.

Тақдим этилган фотосуратларнинг қаерда туширилгани номаълум, лекин Сингапурнинг The Straits Times газетасининг ёзишича, улар Мьянманинг этник исёнчи гуруҳлари фаолият юритадиган чегара ҳудудларидан бирида олинган бўлиши мумкин.

Мьянма кўп миллатли давлат бўлиб, аҳолисининг учдан бир қисмини этник гуруҳлар ташкил қилади. Уларнинг баъзилари кўп йиллар давомида ҳукумат билан партизанлик урушларини олиб бормоқда ва улар орасида ўз минтақаларида автономия ёки мустақиллик ўрната олганлари ҳам бор. Мамлакатда ҳарбий тўнтариш содир бўлгач, этник партизанлар ҳаракати яна фаоллашди.

Масалан, апрель ойининг охирида 1949 йилдан буён Карен халқининг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи учун курашиб келаётган Карен Миллий озодлик армияси жангчилари Таиланд билан чегарадаги ҳарбий базани эгаллаб олди.

Маълумот учун, Мьянмадаги давлат тўнтаришидан кейин ҳарбийларга қарши намойишлар бошланди. Бунинг фонида янги ҳокимият аввал мамлакатда энг оммабоп ижтимоий тармоқ бўлган Facebook’ни тақиқлади, сўнгра интернет деярли бутунлай узиб қўйилди, барча тиллардаги Wikipedia блокланди.

Давлат тўнтаришдан кейин 760 дан ортиқ одам ўлдирилди, уларнинг 50 дан ортиғи болалар экани айтилмоқда. Бундан ташқари, 4800 дан ортиқ одам, хусусан, 80 нафар журналист ҳибсга олинди. БМТ тўнтариш ва пандемия туфайли 54 миллион киши яшайдиган мазкур мамлакат аҳолисининг қарийб ярми 2022 йилда қашшоқлик чегарасидан тушиб кетиши мумкинлигини башорат қилди.

Натижада Мьянмада ҳукуматни бошқараётган ҳарбийлар мамлакатда сайловлар қайтадан ўтказилганидан кейин бошқарувни янги сайланган вакилларга топширишга ваъда берди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Мьянманинг гўзаллик маликаси ҳарбий хунтага қарши қуролли қўзғолонга қўшилди