15:45 / 20.05.2021
2 536

Москвадаги кафеда Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари ўртасида оммавий муштлашув юз берди


Фото: «РБК»
Москванинг Вернадский проспектидаги кафеда содир бўлган оммавий муштлашув оқибатида олти киши касалхонага ётқизилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматига таяниб, «РБК» хабар берди.

Нашр аниқлик киритишича, жанжал Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари ўртасида келиб чиққан, унда ҳаммаси бўлиб 15 киши қатнашган. «Миллий таомлар кафесида шахсий хусумат асосида келиб чиққан можаро маиший хусусиятга айланган», — дейилади хабарда.

Полиция маълумотига кўра, 18 май куни соат 23:09 да (Тошкент вақти билан, 19 май, соат 01:09) можаро ҳақида хабар келиб тушган. Воқеа жойига етиб келган тез ёрдам ходимлари олти кишини касалхонага олиб кетган, милиция ходимлари эса тўққиз нафар фуқарони ҳибсга олган.

Қайд этилишича, икки киши Маъмурий кодекснинг 3-бўлими, 18/8-моддаси (чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс томонидан Россия Федерациясида бўлиш режимининг бузилиши), бўйича жавобгарликка тортилди. Бу жазо 7 минг рублгача жаримани ёки ёки Россиядан маъмурий чиқариб юборишни ўз ичига олади.

Яна етти киши Маъмурий кодексининг 1-бўлими, 20/1-моддаси (майда безорилик) бўйича айбланди. Унда 1000 рублгача жарима ёки 15 кунгача маъмурий қамоқ жазоси назарда тутилади.

Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси матбуот хизмати «ТАСС»га хабар беришича, консуллик ходимлари воқеа юзасидан полиция бўлимига ташриф буюрган. Улар олган маълумотларга кўра, муштлашувда Тожикистон фуқаролари иштирок этмаган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Москвадаги кафеда Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари ўртасида оммавий муштлашув юз берди