21:33 / 20.05.2021
1 290

Пашинян Озарбайжон билан янги битим тузилаётганини маълум қилди

Пашинян Озарбайжон билан янги битим тузилаётганини маълум қилди

Фото: «ТАСС»
Арманистон бош вазири вазифасини бажарувчи Никол Пашинян Боку Ереваннинг шартларини қабул қиладиган бўлса, Озарбайжон билан янги битим имзолашга тайёрлигини айтди. Бу ҳақда «Спутник Армения» агентлигига таяниб, «РБК» хабар берди.

Пашинян музокаралар ҳали ҳам давом этаётгани туфайли ҳужжат матнини кўрсата олмаслигини билдирган, бироқ Арманистоннинг Ватикандаги собиқ элчиси Микаэл Минасян гўёки Ереван ва Боку томонидан мувофиқлаштирилган ҳужжатнинг бир қисмини эълон қилди.

Унга кўра, ҳужжат икки мамлакат чегараларини аниқлаштириб белгилаб олиш бўйича комиссия тузиш ҳақида бўлади. Шунингдек, унда Тавуш ва Арарат минтақасидаги олтита қишлоқни Озарбайжонга ўтказиш масаласи хусусида ҳам сўз борган.

Минасян келишувнинг очиқ ва махфий қисмларга эга эканини таъкидлаган.
«Пашинян Алиевга учта шарт қўйди: Арманистондан Озарбайжон қўшинларини олиб чиқиб кетиш, сайловгача камида бир нечта маҳбусни қайтариб бериш ва ўзининг қайта сайланишини осонлаштириш учун олтита қишлоқнинг кўчиришни ими-жимида ташкиллаштириш», — деб ёзади News.аm.

Спутник хабарига кўра, Пашинян келишув тафсилотларини ошкор қилмаган, аммо ҳужжатнинг Арманистон манфаатларига 100 фоиз жавоб беришини таъкидлаган.
«Агар Озарбайжон бизнинг келишувларимизни амалга оширса ва биз айтган шартларни бажарадиган бўлса, унда мен мазкур ҳужжатни имзолайман», — деган у.

Пашинян Минасяннинг ҳаракатларини бузғунчилик деб атаган. «Улар Интернетда намойиш қилаётган ҳужжатнинг 90 фоизи уйдирма. Унда Арманистон арманларга қарши ҳужжат имзолаётгандек туюлади. Агар шундай бўлса, улар ҳамма ишонч ҳосил қилиши учун асл манбани кўрсацин. Буни Озарбайжон фойдасига олиб борилаётган разведка фаолиятидан бошқа нарса деб аташ мумкин эмас», — дея қайд этган Арманистон бош вазири.

Ўтган ҳафтада Ереван ва Боку ўртасидаги муносабатларида янги кескинлик пайдо бўлган. 12 май куни Арманистон Мудофаа вазирлиги Озарбайжон ҳарбийлари «чегараларни аниқлаштириш» баҳонасида чегара ҳудудларидан бирида айрим ҳаракатларни амалга ошираётгани ҳақида хабар берди. Пашинян ҳодисани мамлакат суверенитетига тажовуз деб атади. Унинг сўзларига кўра, Озарбайжон ҳарбийлари Севлич кўли (Арманистоннинг Сюник вилояти ва Озарбайжоннинг Лочин вилояти ўртасида жойлашган) ҳудудидан кесиб ўтиб, 3,5 км ичкарига кирган.

Ўз навбатида, Боку Арманистоннинг реакциясини асоссиз деб атади. Уларнинг фикрига кўра, Арманистон билан чегарадаги Озарбайжоннинг Келбажар ва Лочин вилоятларига чегара кучларини жойлаштириш 2020 йил 10 ноябрдаги уч томонлама келишувга мувофиқ олиб борилмоқда. Озарбайжон Арманистон билан чегарадаги кескинлик фонида ҳарбий машғулотлар ўтказишни ҳам бошлаган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Пашинян Озарбайжон билан янги битим тузилаётганини маълум қилди