13:30 / 14.07.2021
2 036

Путин ва Лукашенко беш соатлик музокара ўтказди


Фото: «ТАСС»
Россия президенти Владимир Путин Беларусь президенти Александр Лукашенко билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Meduza хабар берди.

Музокаралар Санкт-Петербург атрофида жойлашган Стрелна посёлкасидаги Константин саройида бўлиб ўтди, суҳбат беш соат-у 20 дақиқа давом этди.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг маълум қилишича, музокаралар давомида томонлар Россия 2022 йилда Беларусга газни 2021 йилги нархларда сотиши тўғрисида келишиб олди, нарх индексация қилинмайдиган бўлди.

Шунингдек, Путин ва Лукашенко Россия нефть саноатида «солиқ манёври билан боғлиқ кредитни қўллаб-қувватлаш миқдорини келишиб олди», деди Песков тафсилотларга тўхталмасдан.

Лукашенко Минск «қандай йўл билан бўлмасин» кредит мажбуриятларини бажаришини ваъда қилган, Путин эса Беларусни «ишончли ва барқарор шерик» деб атаган.

Песковнинг таъкидлашича, музокаралар иштирокчилари Ғарбнинг Беларусга қарши санкциялари мавзусини муҳокама қилди, «божхона, солиқни тартибга солиш, энергетика каби соҳаларда ишлаш бўйича қадамларни ишлаб чиқди», шунингдек «халқаро вазият, минтақавий муаммолар тўғрисида атрофлича фикр алмашди».

Кремль веб-сайтига жойлаштирилган музокаралар қисмининг стенограммасидан маълум бўлишича, суҳбат бошида Лукашенко Минскдан Санкт-Петербургга «ҳеч бўлмаганда бу иссиқдан узоқ бўламан» деган фикрда ташриф буюрган. Лекин ушбу шаҳардаги об-ҳаво Беларусдагидан фарқ қилмаган. Путин бунга жавобан Санкт-Петербургда ҳаво ҳарорати 30 даражагача кўтарилганини айтди, Лукашенко эса Беларусда 36 даражагача бўлганини таъкидлади.

Бу Александр Лукашенко ва Владимир Путиннинг 2021 йил бошидан бери тўртинчи юзма-юз учрашуви. Биринчиси февраль ойида Сочида, иккинчиси апрель ойида Москвада, учинчиси май ойида яна Сочида бўлиб ўтганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Путин ва Лукашенко беш соатлик музокара ўтказди