16:50 / 15.07.2021
2 590

Икки кун ичида 347 нафар этник қирғиз Афғонистондан Тожикистонга қочиб ўтди


Фото: Central Asia
Сўнгги икки кун ичида Афғонистонда яшовчи 347 нафар этник қирғиз «Толибон»дан қочиб, Тожикистон ҳудудига ўтди. Бу ҳақда Тожикистон чегара қўшинлари матбуот марказига таяниб, «Интерфакс» хабар берди.

Қочқинларнинг барчаси Афғонистоннинг Бадахшон вилояти, Вахон туманидаги Андемин қишлоғи аҳолиси. Улар Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилояти (республиканинг шарқи) ҳудудига ўтган.

«Давлат чегарасини кесиб ўтишда икки гўдак вафот этган. Тожикистон чегарачилари инсонпарварлик ва яхши қўшничилик тамойилини инобатга олган ҳолда афғон қочқинларига Тожикистон республикаси ҳудудига киришга рухсат берди», — дейилади хабарда.

Шунингдек, Афғонистон фуқароларидан 3,5 килограммдан ортиқ гиёҳванд моддалар топилгани ва олиб қўйилгани қайд этилган.
13 июль куни Афғонистоннинг Бадахшон вилояти Вахон туманида яшовчи 77 нафар фуқаро «Толибон» таъқибидан қочиб, Тожикистон ҳудудига ўтгани хабар қилинганди.

Таъкидланишича, қочқинлар ўзлари билан чорва молларини ҳам олиб келган. Хусусан, улар 1000 бош майда кавш қайтарувчи ҳайвонлар, 300 қўтос, 3 туя ва 30 от ҳайдаб келган.

Афғонистон биринчи вице-президенти Амрулла Солиҳ Бадахшон вилояти аҳолисининг қўшни Тожикистонга қочиб кетишига изоҳ берар экан, «Толибон’ Бадахшон Помиридан ўнлаб оилаларни қувиб чиқарган» деди.

«Уларни ‘Толибон’ ислом динини қабул қилишга ёки кетишга мажбур қилмоқда. Бу аҳоли асрлар давомида шу ерда яшаб, қийинчиликлардан омон қолган ва ҳудудни тарк этмаган қирғизлардир. Энди улар ўз тақдирларини кутиб, Тожикистонда ўтирибди», — деб ёзган Амрулла Солиҳ ижтимоий тармоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Икки кун ичида 347 нафар этник қирғиз Афғонистондан Тожикистонга қочиб ўтди