00:13 / 20.07.2021
3 049

Эрдўғон «Толибон»ни Афғонистондаги босқинчилик ҳаракатларига чек қўйишга чақирди


Фото: Global Look Press
«Толибон» Кобул аэропортининг Туркия кучлари томонидан муҳофаза қилинишига қарши эмас. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Истанбулдаги матбуот анжуманида шундай фикр билдириб ўтди, деб ёзмоқда «ТАСС».

«‘Толибон’ Туркия кучларини Афғонистонда кўришни хоҳламаслиги ҳақида бирорта баёнот бўлмаган. ‘Толибон’ ушбу масала бўйича Туркия маъмуриятининг позициясини жуда яхши билади. Бизнинг маълум режаларимиз бор ва уларга содиқ қоламиз. Умид қиламизки, ‘Толибон’ билан музокаралар олиб борамиз», — дея таъкидлади Эрдўғон.

Бундан ташқари, у «Толибон»нинг Афғонистондаги ҳудудларни «босиб олиш ҳаракатлари»ни нотўғри деб атади ва уларга чек қўйишга чақирди.

Америка президенти Жо Байден АҚШ Қуролли кучларининг Афғонистондаги операцияси тугагани ва қўшинларни олиб чиқмоқчилиги ҳақида эълон қилганидан сўнг, мамлакатда вазият кескин ёмонлашди.

Пентагон 13 июль куни хабар қилишича,  Афғонистондан Америка ҳарбийларининг 95 фоиздан кўпроғи олиб чиқилди. Бунга параллел равишда «Толибон» вакилларининг сўзларига кўра, ҳаракат республика ҳудудининг 85 фоизини, шу жумладан бешта мамлакат — Эрон, Хитой, Покистон, Тожикистон ва Туркманистон билан чегарадош ҳудудларни ўз назоратига олишга муваффақ бўлган.

13 июль куни «Толибон» Афғонистондаги Туркия қўшинлари юзасидан расмий баёнот бергани хабар қилинганди. Унда «Толибон» Туркияни Афғонистондан ўз қўшинларини олиб кетиши ҳақида қатъий огоҳлантирган.
Июнь ойи бошида «Толибон» вакили АҚШ ва «Толибон» ўртасидаги келишув доирасида Туркия ҳам Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиши кераклигини айтганди.

«Толибон» Анқаранинг ўз қўшинларини Кобул аэропортини қўриқлаш учун қолдириш ҳақидаги таклифларига шу тарзда жавоб қайтарган. Шунга қарамай, Туркия Кобул халқаро аэропортида назорат ва хавфсизлик учун ўз ҳарбийларини қолдиришини эълон қилди.

Аввалроқ АҚШ ва Туркия Кобул аэропортининг хавфсизлигини таъминлашга келишиб олгани ҳақида хабар берилганди. Унга кўра, Афғонистондаги НАТО миссияси тугагандан сўнг Туркия ҳарбий кучлари Кобул аэропорти хавфсизлигини таъминлашда етакчи ролни эгаллайди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эрдўғон «Толибон»ни Афғонистондаги босқинчилик ҳаракатларига чек қўйишга чақирди