13:47 / 20.07.2021
1 408

Перуда собиқ қишлоқ ўқитувчиси президент сайлови ғолиби деб эълон қилинди

Перуда собиқ қишлоқ ўқитувчиси президент сайлови ғолиби деб эълон қилинди

Фото: GES
Перу Марказий сайлов комиссияси «Озод Перу» сўл радикал партияси вакили Педро Кастильо Терронесни 6 июнь куни бўлиб ўтган сайловлар ғолиби деб эълон қилди. Бу ҳақда Correo нашрига таяниб, «РБК» хабар бермоқда.

Сайлов жараёнлари миллий бошқармаси (ONPE)нинг расмий ҳисоб-китобларига кўра, Кастильо 8 836 380 та овоз (жами овозларнинг 50,126 фоизини) тўплаган. «Халқ кучи» партияси вакиласи, собиқ президент Альберто Фухимори (1990—2000)нинг қизи — Кейко Фухимори ундан тахминан 44 мингта овозга орқада қолди.
«Мен Хосе Педро Кастильо Терронесни Республика президенти деб эълон қиламан», — деди Перу Миллий сайлов ҳайъати бош котиби Лурдес Рита Варгас Уаман.

Собиқ қишлоқ ўқитувчиси ижтимоий ислоҳотлар ўтказиш ва мамлакат бойликларини одилона тақсимлаш ҳақидаги популистик ваъдалари билан аҳолининг энг қашшоқ қатламларининг овозларини қўлга киритди.

Ўз сайловолди дастурида Педро Кастильо дастлаб «аралаш иқтисодиёт», монополияларга қарши кураш ва уларни миллийлаштириш (давлат мулкига айлантириш)га ваъда берди, аммо кейинроқ миллийлаштиришдан воз кечди. Янги президент соғлиқни сақлаш ва таълимга ажратиладиган маблағларни кўпайтиришни, ўта катта даромадлар учун солиқлар жорий қилишни, интернетдан фойдаланиш имкониятини оммалаштиришни, ўлим жазосини қайтаришни, конституциявий судни йўқ қилишни ва ОАВлар устидан назорат ўрнатишни ваъда қилмоқда.

Таҳлилчилар янги президент сиёсий қутбланишнинг кучайиши, ўта оғир иқтисодий инқироз ва коррупция билан боғлиқ мушкул вазият олдида сиёсий жиҳатдан тажрибасиз эканини таъкидламоқда.

2020 йил ноябрида Перу парламенти президент Мартин Вискаррага нисбатан импичмент эълон қилди. У қўшиқчи Ричард Свинг билан алоқалари ҳақида гапирган аудиоёзув эълон қилинганидан кейин коррупцияда айбланди, бунгача у ушбу фактларни рад этиб келган эди. Президент Свингга нисбатан терговга тўсқинлик қилган, у, шунингдек, йирик пора олишда айбланган. Ундан кейин президентлик Мануэль Мерино де Ламага ўтган.

Вискарранинг истеъфосидан кейин Перуда унинг тарафдорлари норозилик намойишларини уюштирди, полиция эса уларни шафқатсизлик билан бостирди. Ҳарбийлар билан тўқнашувларда икки нафар ёш намойишчи ҳалок бўлди. Бу Меринонинг 15 ноябрь куни истеъфо беришига сабаб бўлди: намойишчиларнинг ўлими учун жавобгарлик унинг бўйнига қўйилди. Вақтинчалик президент этиб Перунинг ўнг марказчи Қирмизи партияси етакчиларидан бири Франциско Сагасти тайинланди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Перуда собиқ қишлоқ ўқитувчиси президент сайлови ғолиби деб эълон қилинди